Сессия кайфияти кечагидан фарқ қилмоқда, эртага бундан-да жонли бўлади

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғоялари асосида ишлаб чиқилган Тараққиёт стратегиясида депутатлар фаолиятини яхшилаш, маҳаллий Кенгашлар нуфузини ошириш, ваколатларини кенгайтириш каби долзарб вазифалар белгиланган. Уларнинг амалга ошиши халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини, вакиллик органидаги муҳит ва кайфиятни бутунлай ўзгартиради. Шу кунларда туманларда сессиялар бўлиб ўтмоқда. Фориш тумани мисолида жараёнга назар соламиз.

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг навбатдаги сессиясини Кенгаш раиси, туман ҳокими Икром Матиев бошқариб борди. Сессия тафсилотлари ҳақида Халқ демократик партияси туман кенгаши раиси Норинисо Ирисова бизга қуйидагиларни гапириб берди.

 

Норинисо ИРИСОВА,

ЎзХДП Фориш туман кенгаши раиси:

— Бу галги сессиянинг ўзига хослиги шундаки, унда маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳам иштирок этди. Чунки бугунги кунда энг муҳим масала «маҳаллабай», «хонадонбай» ишлаш тизими бўлиб турибди. Йиғилишда кўтарилган масалаларга келсак, дастлаб камбағалликни қисқартириш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида фикр алмашилди.

Айни пайтда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш асосан туман марказларига яқин маҳаллаларда йўлга қўйилган бўлиб, чеккароқ ҳудудларда муаммолар йўқ эмас. Мана шу масалада тенгликни таъминлаш керак. Айниқса, Фориш ҳудудий жиҳатдан вилоятдаги энг катта туман ҳисобланади. Нафақат кам таъминланганлар, ҳамма учун ҳам марказга келиб, таҳсил олиш қийин. Бу йил хотин-қизлар ва ёшларни ўқитишда чекка ҳудудлар қамраб олиниши, қулай манзилларда ўқувлар ташкил этиш ҳақидаги таклифларимизни билдирдик.

Яна бир муҳим масала шундаки, олинган кредитларни қайтаришда айрим муаммолар кузатилмоқда. Айрим ҳамюртларимиз кичик бизнес учун олинган пулларни тўй ва шунга ўхшаш маросимларга, уй-жойини таъмирлашга ёки яна бошқа шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборяпти. Натижада кредитни қайтариш қобилиятидан маҳрум бўлиб қоляпти.

Шундан келиб чиқиб, тизимли ишлашни таклиф этдик. Чунки биргина маҳалла берилган маблағнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат қила олмайди. Бошқа вазифалари сабаб уларнинг жисмонан вақти етмайди. Депутатлар, партия ва ёшлар фаоллари, банк ва яна бошқа ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда мазкур масалага ечим топишга келишиб олинди. Бунинг учун қарздорлар рўйхати шакллантирилади. Уларнинг қўлидан нималар келиши ўрганилади. Ана шу асосида уларнинг даромади оширилади.

Бир нарсани тан олишимиз керак. Биз айби борни уялтирмаймиз. Масалан, ер олиб, қайтармайдиганлар ҳам бўлади. Уларга ҳуқуқлари билан бирга, мажбуриятларини ҳам яхшироқ тушунтириш, керак бўлса, хатоси учун уялтириш, қонунлардан қўрқишни ўргатиш лозим.

Бир ҳақиқат бор, яъни ҳамма ҳам тадбиркор бўлиб туғилмайди. Иш юритиш, бизнес қилиш қобилиятига эга бўлмаган кишиларга берилган маблағ эса қайтарилмай қоляпти.

Шунинг учун ишбилармон кишига каттароқ кредит маблағи ажратилиб, одамларни ишли қилган маъқулроқ. Масалан, туманимизда тикув фабрикаси очилиб, 250 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шунча оиланинг қозони қайнаяпти, даромади ошди.

Пул ўрнига ишини йўлга қўйиш учун шароит, масалан, тикув машинаси, хом ашё билан таъминлаш ёки иссиқхона қуриб бериш йўлга қўйилмоқда. Бу ҳам яхши усул. Ана шунда маблағларнинг мақсадли сарфланишига эришилади. Қарздорлар бўлмайди, деб ўйлайман.

Таъкидландики, белгиланган чора-тадбирлар ижроси натижасида туманда ўтган йили 1618 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, 2335 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган, 817 нафари касбга ўқитишга юборилган, 125 нафарига ишсизилик нафақаси тайинланган. Ўзини-ўзи банд қилиш тамойили асосида эса 3115 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган умумий қиймати 3 триллион 101 миллиард 497 миллион сўмни ташкил қилган 29 та лойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳалар учун тижорат банкларидан 834 миллиард 14 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шу билан бирга 703 та янги иш ўрни яратилди.

«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш» дастури доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1446 та лойиҳа учун тижорат банкларидан 20 миллиард 729 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

«Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида жорий йил учун белгиланган «Йўл харитаси»да тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни икки баравар қисқартириш асосий вазифа қилиб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, бу йил 350 та, биринчи чоракда эса 105 та юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш кутилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида жорий йилда ҳам 30 га яқин лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар 1209 та янги иш ўрни ташкил этилишига омил бўлади.

 

34 та сессияда қатнашдим

Марат ИСОҚОВ,

Шароф Рашидов туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:

— Мана, депутат бўлиб сайланганимизга икки йил тўлиб, учинчи йил кетмоқда. Бу вақт орасида туманда 34 та сессия ўтказилди. Уларнинг ҳар бирида ўз фикримиз, таклифларимиз билан иштирок этишга ҳаракат қилдик. Депутатлик гуруҳи раҳбари сифатида ҳар бир сессияда иштирок этдим, ўз фикр ва мулоҳазаларимни билдирдим. Айримларига масала ҳам киритганмиз.

Муҳими, қанча йиғилишда иштирок этганимиз эмас, одамларнинг мушкулини осон қилувчи таклифлар, масалаларни кўтарганимизда, деб ўйлайман. Қайси тизим, қайси соҳа яхши ишламаётгани, аҳоли нималардан норози эканини кўпроқ уларнинг ўзидан эшитамиз. Фуқаролардан олинган маълумотлар асосида камчиликларни туман ҳокимига айтган вақтларимиз кўп бўлади.

Масалан, Президентимиз аҳолига кафолатли хизмат кўрсатадиган тиббиёт тизимини яратяпти. Шундан келиб чиқиб, туманимизда буйраги ишламайдиган беморларнинг диализ аппаратларини ювишга ихтисослашган поликлиника очилган. У ерга 10 та аппарат олиб келинган. Бироқ арзимаган сабаб билан аппаратнинг атиги иккитаси ишлайди. Битта аппарат бир инсонга 4 соат хизмат кўрсатади. Бундан кўриниб турибдики, одамларнинг эътирози тўғри. Суриштирсак, трансформаторнинг қуввати 10 та аппаратни ишлатишга етмас экан. Битта трансформатор 30 миллион сўм туради. Инсон умри-чи, қадри-чи? Мазкур масалани яқинда бўлиб ўтган сессияда кўтардим. Масала ҳал этилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

 

Масала киритилгани иш битди, дегани эмас

Сессияда Ўзбекистон ХДП гуруҳи таклифи билан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳаким Тўйчиевнинг камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ахбороти эшитилган.

Бундан ташқари, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фориш туманидаги Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мутахассислари ахборот берган.

Ахборотлар маълумот учун қабул қилинган.

Аҳолининг асосий бўш қисми олис қишлоқларда жойлашгани эътиборга олиниб, ҳар бир қишлоқда тадбиркорлик билан шуғулланиш хоҳиши бўлган фуқароларни аниқлаш кераклиги бўйича кўрсатмалар берилган. Таъкидландики, уларга ўз ишини йўлга қўйиши учун ер участкалари, субсидиялар, имтиёзли кредит маблағлари ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш чораларини кўриш лозим. Бунда асосий эътиборни «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»да турган меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларга қаратиш керак.

Мана шу вазифалардан келиб чиқиб, «Темир дафтар» билан ишлаш бўйича фаолиятни танқидий муҳокама қилиб бориш, шу билан бирга, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда ижтимоий фаол бўлмаган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Масъулларга ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифалари топширилган.

 

Қўшимча фикр

Меҳринисо БОБОЕВА,

халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгаши депутати:

— Кўп ҳолларда сессияда фикр-мулоҳаза ва таклифларимиз қабул қилиниши учун тортишишга, баҳслашишга тўғри келади. Чунки депутат кўп, уларнинг ҳар бири ўзи сайланган сиёсий партиянинг манфаати, электорати истакларидан келиб чиқиб, қарор қабул қилинишини истайди. Шунга қарамай, тўғри айтилган фикрни қўллаб-қувватлаш, ягона тўхтамга келиш йўлини топамиз.

2022 йил 28 январь куни халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг олтинчи чақириқ ўттиз тўққизинчи сессияси муҳокамасида тумандаги «Маданият» ҚФЙ ҳудудида жойлашган 53-умумтаьлим мактаби директорлик лавозимига номзод кўрсатилди. Ҳар ким ўз қарашларини билдирди. Депутатлар овоз беришда қизғин муҳокамаларга, баҳсга ҳам борди. Сабаби, қўйилган номзодларнинг дастури бир-биридан яхши тузилган эди. Номзодлардан бири Жиззах шаҳридан экани, яна бири ёш кадрлиги депутатлар тортишувига сабаб бўлди. Бир тўхтамга келинавермагач, номзодларни қайтариш фикри ҳам туғилди. Бироқ партиямиз аъзолари қатъий позицияда туриб олди. Шундан сўнг, ўша мактабда ишлаб келаётган Низомиддин Ярбеков номзоди кўпчилик овоз билан тасдиқланди. Унинг кўп йиллик тажрибаси, янгича қарашларга эгалиги, мактаб кайфияти, у ердаги ходимларнинг иссиқ-совуғидан бохабарлиги боис мазкур номзодга овоз берилди.

Биз суҳбатлашган депутатлар ҳамда партия фаолларининг сўзларига қараганда, бугунги сессиялар кечагидан анча фарқ қилмоқда. Уларда депутатларнинг танқидий фикри, мулоҳзалари, таклифлари ҳамда эътирозлари инобатга олиняпти. Тўғри, ҳамма ҳам бирдек фаол ва ташаббускор бўлмаслиги мумкин. Бироқ ҳар қандай ташаббуснинг бошланиши унинг ривожланишини билдиради. Мақсад сари қўйилган илк қадам ярим ғалаба ҳисобланади. Бу мақсад эса халқ манфаати, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини ифодалар экан, унинг якуни хайрли ва самарали бўлишига шубҳа йўқ.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 2.03.2022, №9

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш