Аёл шод — мамлакат обод

 

Аёлнинг шодлиги унинг нафақат ўзи, балки рўзғори тўкислиги, оиласи, болаларининг соғ-омонлиги, эл-юртининг тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида Инсон қадрини улуғлаш ғояси турибди. Бу эса бевосита инсонни тарбиялаб вояга етказувчи оналаримиз, аёлларимиз, қизларимиз қадрини улуғлаш демакдир. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Халқимиз тарихида буюк алломалар, жаҳонгир боболаримиз қаторида, бундай инсонларни дунёга келтириб, тарбиялаган, улуғвор ишларга руҳлантирган фозила аёллар ҳам кўп бўлган. Бугун ҳам хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик кўрсатмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди.

2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинди. Натижада ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этилди. Умуман, 2020 йилдан бошлаб “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди. Маълумки, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оддий айтганда, оналарни рози қилиш мамлакатимизнинг тараққиёт стратегиясида энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Уларнинг ижросини тизимли тарзда, ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди.

Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади, – деди давлатимиз раҳбари. Қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши Президентимизни ҳамиша ўйлантирадиган масалалардан бири. Бу йиғилишда ҳам улар учун таълим шароитларини кенгайтириш бўйича тарихий қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Дастур доирасида пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бунинг учун жорий йилда банкларга 1 триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм маблағ ажратилади. Яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади. Эртага бир рўзғорнинг гулдек бекаси, фарзандларининг меҳрибони онаси бўладиган ёш қизларимизнинг билим-маърифатли бўлиб етишишларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, Янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин келажагига кўрсатилаётган эътибор деб ўйлайман.

 

Феруза Балтаева,

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши

Хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш сектор мудири.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш