Давлат сиёсатининг асосий мақсади-аёлларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатишдир

 

Юртимизга ўзининг илиқ нафаси билан баҳор кириб келди. Баҳорнинг илк кунлариданоқ аёлларимизга ўзгача кайфият бахш этувчи 8-март онажонларимиз, аёлларимиз, қизларимиз байрами билан бошланиши эса юртимизга янада кўтаринкилик олиб киради.

Аёл - борлиқ кўзгуси, унинг гўзаллиги оламни чароғон этади. Халқимиз азалдан муқаддас Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келади. Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор - бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир.

"Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади", деган ҳикматли сўзларда албатта чуқур маъно бор. Ҳозирги замон аёли нафақат оила қўрғонини сақлаш ва фарзандлар тарбияси билан банд бўлиш, балки инсон фаолиятининг барча соҳалари, иқтисодиёт, таълим, бизнес, соғлиқни сақлаш, фан, қишлоқ хўжалиги ва энг асосийси давлат бошқарувида хам улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Куни-кеча Муҳтарам Президентимизнинг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги фармони яқинлашиб келаётган Хотин-қизлар байрами арафасида аёлларимизга ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Қўмитанинг ташкил этилишидан мақсад, оналаримизни, опа-сингилларимизни рози қилиш учун ҳар бир маҳалла кесимида тизимли ишларни амалга оширишдир.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармаси мазкур қўмита томонидан бошқарилади.

Шунингдек, маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилиши ҳамда ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилиниши эса Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган йўналишларнинг амалий тасдиғидир.

Бу билан, ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим шаклланади. Инсон ҳаёти давомида гоҳи шодлик, гоҳи ғам билан умрини ўтказади. Шодлигини ҳам, ғам-ташвишини ҳам ким биландир баҳам кўришни, дардлашишни истайди. Энди маҳалладаги аёлларимиз бугунги кунда ўзларини қийнаб турган муаммоларга маҳалланинг ўзида ечимини топишларига имконият яратилади.

Алоҳида қўмита тузилиши муносабати билан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди ва бу соҳада ҳам янги тизим яратилади.

Маҳалла раиси ўз ҳудудида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳамжиҳатликда ишлашни таъминлайди. Бу эса, ҳар бир маҳаллада тизимли ишларни ташкил этиш, маҳаллада аёлларимизни, ёшларимизни дарду-ташвишини, оғирини енгил қилиш, касб-ҳунарга йўналтириш, соғлиғини тиклаши, таълим олишлари учун имконият яратилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларга яратиб берилаётган имконият ва шароитлар туфайли аёлларимиз давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда, уларнинг оиладаги мавқеи мустаҳкамланмоқда. Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши учун, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларни таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун зарур имкониятлар яратаётир.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш