Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг Медиа марказида “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади” мавзусида давра сҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, ЎзХДП Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари масъуллари, “Аёллар қаноти” раҳбарлари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирок этди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова сўзга чиқиб, баҳорнинг илк кунида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда аёлларимиз учун тарихда бўлмаган имконият, имтиёзлар туҳфа этилганини эътироф этди. - Йиғилиш давомида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизими белгилаб берилди. Бизни қувонтиргани, янги ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дарду-ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган партиядошимиз Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Бахриддиновна Маҳкамова тайинланди - деди Г. Асатова.
Давра суҳбатида сўз олган Қонунчилик палатаси депутатлари Шоҳиста Турғунова, Муқаддас Ўрозалиева, Ойбарчин Абдуллаевалар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандликни таъминлаш соҳаларида хотин-қизлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида гапириб, йиғилишда аёлларни, оналарни, хотин-қизларни қийнаб келаётган барча масалаларга ечим йўллари белгилаб берилганини таъкидлашди.
ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши "Аёллар қаноти" раҳбари Ҳафиза Каримова Давлат бошқаруви ва раҳбар лавозимларда аёллар салмоғини ошириш бўйича кейинги йилларда амалга оширилган амалий қадамлар ҳақида гапириб ўтди.
Давра суҳбати якунида Г. Асатова - президент томонидан аёлларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар муаммоларига биринчи галда эътибор қаратиш, нафақат эътибор қаратиш, балки, масалани ҳал этиб беришда шахсий намуна кўрсатилганига алоҳида урғу берди.
Ўз ўрнида муҳтарама аёлларимиз, хотин-қизларимиз кўрсатилаётган меҳр ва ғамхўрликка муносиб жавоб қайтариб, аёллик шаъни, ғурури, ибо-ҳаёси, шижоати билан намуна бўлишлари, фаоллик кўрсатишлари даркор.