Кенг имкониятлар хотин-қизларни фаоллигини оширишга хизмат қилади

 

Аёлни эъзозлаш, унга оила таянчи, миллат тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатиш қадимдан барчамизнинг қонимизга сингиб кетган инсонийлик фазилатларимиздан ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларга этибор ва ғамхўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу орқали бугунги кунда аёлларимиз давлат ва хўжалик бошқарув органларининг турли лавозимларида фаолият олиб бормоқдалар.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмаларини олиши ҳамда бандлиги таъминлашга ҳар томонлома кўмаклашиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Биргина мисол, 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиши орқали 320 минг нафар хотин-қизларимиз доимий иш ўрнига эга бўлиб, доимий бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, 190 минг нафар аёлларимиз касб-ҳунарга ўқитилиб, ўз даромад манбаига эга бўлди. 2020 йилдан бошлаб “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилди. Унга киритилган хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилиб келинмоқда. Бундан ташқари қизларимизни олий таълим билан кенг қамраб олиш, ўз орзу-истакларни рўёбга чиқариш мақсадида 2020 йилда 1 минг, 2021 йилда 2 минг нафар қизларимиз олий таълим муассасаларига алоҳида грант асосида қабул қилинди. Жойларда уй-жойга мухтож бўлган 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадаллари давлатимиз ҳисобидан тўлаб берилди.

Эндиликда келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ҳамда таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатда фоизсиз кредитлар берилиши учун тижорат банкларига 1 триллион 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 2,1 минг қизларнинг таълим контракт тўловлари маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб берилади ҳамда ёш болали аёлларимизни таълим олишини қўллаш мақсадида масофавий ўқишига шарт-шароитлар яратиш орқали талаба қизларимизнинг билимли бўлишга имкониятлар яратилади.

Ҳотин-қизларни тадбиркорлик билан кенг шуғулланиши ва ўз бизнесларига эга бўлишлари мақсадида 2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилинади. Ушбу мақсадларнинг ижроси учун жами 8 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди. Хулоса қилиб айтганда, бундай кенг имкониятлар жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларни фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишларига кенг шарт-шароитлар яратади.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш