Тўйга тўёна билан...

 

Баҳор фасли келиши билан қалбимда байрамона кайфият, аёл бўлиб дунёга келганим учун ғурур, яқинларимнинг алланечук меҳрини туйиш хиссиётлари беихтиёр чулғаб олади. “Бу йил эса ўзгача, бу йил барчамиз тўйга тўёнани хис этдик...” десам асло муболаға бўлмайди.

Хотин қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган видеоселекторда кўтарилган масалалар, сўнгги беш йилда хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларимизни янги босқичга олиб чиқади.

Қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши Президентимизни ҳамиша ўйлантирадиган масалалардан бири, бу йиғилишда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, тарихий қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида универститет ҳамда жойларда ушбу универститетнинг техникумлари ҳам очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади, ушбу мақсадлар учун банкларга жорий йилда 1 триллион 800 миллиард сўм ажратилса, келгуси беш йилда 8 триллион сўмга оширилади. Магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Бу албатта жуда катта маблағ бўлиб, даромад билан боғлиқ шарт-шароитлар ҳеч қайси аёлнинг келажагини белгиламаслигини таъминлайди. Қанчадан қанча оталаримиз қизларини олий таълимда таҳсил олмасидан турмушга узатмайди, ёки ўзга юрталарда иш излашга мажбур бўлмайди. Мактаб даврида қизларимиз ўғил болаларга нисбатан наъмунали баҳоларга ўқисада, кейинчалик мустақил ҳаётда ўғил болаларга нисбатан давлат ва жамият бошқарувида кам сонни ташкил қилади. Чунки оилаларда турмушга бериш, ўқиш контракт пулларини қиз болага нисбатан ўғил болаларга тўлашга кўпроқ аҳамият қаратилади. Бакалавр даражада таълимни якунлаган қизларимиз янги турмуш қуриб, ҳали янги оилага кўникмасдан туриб, магистратурадаги контракт пулларини тўлаш бўйича муаммоларга дуч келишлари олди олинди.

Шахсан мени ҳам оила аъзоларимга катта қувонч олиб келган яна бир янгилик: келгуси йилдан бошлаб, Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар     йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Сайлов округимдаги хотин-қизлар билан гаплашганимда, олий таълимга грант асосида ўқишга қабул қилинган қизларимиз яқинларининг миннатдорлиги ёки келгуси йил учун грант асосида ўқишга қабул қилинишига умид боғлаган қизларимизнинг кўзларидаги умид нигоҳларига кўп гувоҳ бўлганман. Ушбу имтиёзлар асосида ҳозирда Республикамизда 2 мингдан зиёд қизларимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқдалар.

Таъкидлаш лозимки, республикамизда сўнгги йилларда илм-фанни ривожлантириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда барча соҳаларда стартап лойиҳаларни йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интелектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди, илмий-инновацион фаолият самарадоргини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этилди. Ўзини ўзи бошқариш тизимини бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлаштириш лойиҳаларини амалга оширишга эътибор қаратилгани ва инновацияларга харажатлар улуши 3.5 баробарга оширилгани барчамизга маълум. Олий таълим муассалалари қошида юзлаб Илмий Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.

Хотин-қизларга яратилаётган шароитларда илмга, маърифатли аёллар учун шароитлар яратишга ҳам катта аҳамият қаратилгани катта ғурур бахш этади.

Давлатнинг, миллатнинг келажаги ёшлар қўлида, ёш авлодни эса аёл тарбиялайди. Аёлларнинг илми, уларнинг дунёқараши, аввало ўзининг келажагини белгилабгина қолмай, улар тарбия бераётган фарзандлар келажагини ҳам яратишга замин бўлади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш