Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.
Депутатлар «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қизғин баҳс ва мунозаралар билан муҳокама қилишди.
Биринчи ўқишда кўриб чиқилаётган мазкур қонунда унинг қўлланилиш соҳаси, асосий тушунчалар ва принциплар, солиқ маслаҳатчисининг мақоми, Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда солиқ маслаҳати билан боғлиқ бир қатор меъёрлар белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси солиқ маслаҳати соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг асосий қоидаларини белгилаш, солиқ маслаҳатчилари институтини шакллантириш, солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, солиқ тўловчиларга малакали солиқ маслаҳати хизматлари кўрсатилишига шароит яратишни назарда тутади.
Фракция аъзолари солиқ соҳасидаги илғор ислоҳотлар иқтисодиётни ривожлантиришда, янги иш ўринлари яратилишида, қонун устуворлиги таъминланишида солиқ маслаҳатининг муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Аниқлаштирувчи саволлар билан мутасаддилар ва мутахассисларга юзланди. Шундан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Иккинчи ўқишгача Халқ демократик партияси фракцияси таклифларини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
Фракция аъзолари кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари юзасидан ҳам электорат нуқтаи назаридан муносабат билдирди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати