Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларда “Мамлакатимиз хафсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш” йўналиши алоҳида ўрин тутади. Жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган давлатимиз учун тинчлик ва тотувликка, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат олиб бориш ўта муҳимдир.
Яқин тарихимизда, ҳатто яқин қўшниларимиз билан ҳам алоқа қилиш қийин аҳволга тушиб, чегаралар ёпилган пайтлар ҳали кўпчиликнинг ёдида.
Айнан Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, саъй-ҳаракатлари билан қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч, манфаатли ҳамкорликка асосланган ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир”.
Бугунги кунда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳудудлари янада кенгайиб бормоқда. Шу ўринда, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида, мамлакатимиз ташаббуси билан пойтахтимизда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилганини ёдга олишнинг ўзи кифоя.
Мазкур конференцияга Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон ҳам ташриф буюрган эди. Умуман, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажмини 50 фоизга кўпайтиришга эришилгани, жорий йилнинг икки ойи давомида эса ўзаро савдо ҳажми ўтган йилгидан 70 фоизга ошгани, жумладан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баравар кўпайгани фикримиз исботи.
Республикамиз Президенти раҳбарлигидаги давлатимиз делегециясининг Покистонга ташрифи эса бу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш сари ташланган янги қадам бўлди. Ташриф чоғида Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.
Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темирйўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, ташриф арафасида ўтган бизнес форумда 800 миллион долларлик қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Исломобод шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 га яқин вакиллари, шунингдек, асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этди.
Форум давомида Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда инвестициявий ва савдо ҳамкорлигини ошириш борасида улкан салоҳият борлиги қайд этилди. Келгусида ўрганиш учун истиқболли лойиҳалар таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги делегациянинг Покистонга бўлган ташрифи нафақат минтақада, балки жаҳондаги бошқа давлатлар билан ҳам тинчлик ва тотувликка, ишонч ва ҳурматга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати бугунги кун учун нақадар муҳим эканини яна бир бор бутун жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиб берди.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.