Пластик картадаги пулларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

 

Мамлактимизда ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиши ва ривожланиши натижасида айрим шахслар бундан эзгу мақсад учун эмас, ғараз ва паст ниятларда фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, электрон тўлов воситасидан ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб фирибгарлик, шунингдек, ушбу тизимлар орқали яширин равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ ўғрилик жиноятлари содир этилмоқда.

Бу каби жиноятларнинг хавфли ва ачинарли томони жиноятчининг шахсини аниқлаш қийин, яъни республиканинг хоҳлаган қисмидан ёки чет элдан туриб, ғараз ниятини амалга ошириши, етказилган зарарни қоплаш ва уни аниқлашда қийинчиликлар туғдириши, ташкилотларнинг обрўсига путур етказишига олиб келмоқда.

Бу эса фуқаролар ва банк муассасаларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, бу каби жиноятлар сони ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2020 йилда шу мазмунда ички ишлар органларига 965 та мурожаат қилинган бўлса, 2021 йилда 1601 та мурожаат келиб тушган. Камроқ миқдорда моддий зарар кўрган жабрланувчилар “овора бўлиб юраманми” қабилида иш тутиб, шикоят қилмаганлар ҳам қанчадан қанча топилса керак. Ўтган йилнинг ўзида банк пластик карточкаларидан пул маблағларини ўмариш оқибатида фуқароларга 4 млрд. 495,5 млн. сўм зарар етказилган.

Шунингдек, банк ҳисобварағидан пул маблағларини ўғирлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Мисол учун, 2020 йил сентябрь ойида номаълум шахслар томонидан иккита банк томонидан фуқароларга очилган VISA тўлов тизимларига қилинган киберҳужум натижасида 466 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари талон-торож қилинган.

Амалиётда тўлов агрегаторларига (payme, click, oson ва бошқалар) боғланган телефон рақами ва банк пластик карточкаларидан ўғрилик фуқароларга тўловни амалга ошириш учун смс орқали юбориладиган 4 талик махсус код-рақамини ноқонуний йўл билан эгаллаб олиш орқали содир этилмоқда. Шунингдек, электрон савдо майдончалари (OLX ва бошқалар) орқали пул маблағларини ўғрилаш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Халқимиз меҳр-саҳоватли, яхшиликни соғинадиган, бировнинг оғир кунида, бемор бўлиб қолганида кўмак беришга ошиқади. Минг афсуслар бўлсинки, ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларга эҳсон қилинган маблағлар ҳам ҳуқуқбузарлар томонидан олиб қўйилаётган ҳолатлар учраб турибди.

Маълумотлар таҳлилига кўра, мазкур жиноятларни содир этаётганларга нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари таъсирчан эмаслиги натижасида такроран жиноий фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу сабабли, бу каби қилмишлар учун Жиноят кодексининг тегишли моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдириш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.

Албатта, бу орқали ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш мақсад қилинган. Аммо, фирибгарлар домига тушиб қолмаслик, шу каби жиноятларнинг олдини олишда ҳушёрликни унутмаслик, алданмаслик, пластик карточкангиз ҳақидаги маълумотларни ҳеч кимга бермаслик энг тўғри йўл ҳисобланади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда

ЎзХДП Фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш