Опа-сингилларимиз миннатдор бўладиган ҳужжат

 

Мамлакатимизда ҳар куни камида битта катта янгилик эшитишга ўрганиб қоляпмиз. Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим тарихий ҳужжат, Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзоладилар.

Фармон мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга оширишга қаратилгани билан жуда аҳамиятлидир.

2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳалирда фаоллигини оширишга қаратилган Миллий дастури ва дастур асосида 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Аҳамиятли томони шундаки, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги олти ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол ҳаражатлари миқдоридан келиб чиқиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси берилмоқда. Аёлларимиз энди хусусий секторда ишласалар ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олишади. Бу янгилик, албатта, аёлларимизни, оналарни қувонтиради.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникумлар ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг шартнома пулларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари берилиши, бунинг учун давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағ йўналтирилиши белгиланмоқда.

Бу каби енгилликлар қанчадан-қанча оилаларга шодлик олиб кириши шубҳасиз. Чунки, ўзи интилувчи аммо контракт асосида ўқишга кириб оилавий иқтисоди етмаганлигидан ўқий олмаган қизлар, айниқса, битириб олгач, 7 йил ичида ўзлари ишлаб контрактини тўлаши ота-оналарга ҳам енгиллик яратилишига эришилади.

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларимизнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаб бериш учун Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилади. Жорий йилнинг 1 октябрига қадар қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияларига асосан ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин- қизларнинг шартнома пуллари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қопланиши белгиланиши жада катта натижалар беришига ишонамиз.

Фаолиятимни асосий қисми хотин-қизлар билан боғлиқ бўлгани учун бу каби муаммолаларга жуда кўплаб дуч келганман. Мазкур фармонни ўқиб туриб беихтиёр ўтган хотиралар яна бир карра ёдимга тушди. Жуда қийналган оила қизларига ёрдам бериш шунчалар оғир эдики, ҳар бир мурожаатчига қараб ёрдам бериш чораларини излардик. Уларга қараб эзилиб кетардик. Охири ечимини топиш учун тадбиркорларга, ўзига тўқ, ҳисоб рақамида маблағи бор фермерлардан илтимос қилиб, уларга амалий ёрдам бериш чораларини кўрганмиз.

Эндиликда давлатнинг ўзи зиммасига бу юкни олиши тарихимизда бўлмаган. Бу ҳам давлат раҳбарининиг ўз халқига ғамхўрлигининг амалдаги ифодаси, десак айни ҳақиқат.

Янги ташкил этилаётган Оила ва хотин-қизаларни қўллаб-қувватлаш қўмитаси ҳузурида “Олима аёллар жамияти” ни тузиш бунинг учун Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилиши, ўйлайманки, мамлакатимизда олима аёлларнинг сафи кенгайишига ва уларга яратилган шарт-шароитлар янада хотин-қизларимизни руҳлантиради.Бу эса келажакда уларнинг илмий ишларида катта мотевация бериши шубҳасиз.

Хотин-қизларимизни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳар бир туман сектор штаблари жойлашган бинолардан биттадан хона ажратилиб ўқув курсларни ташкил этиши учун зарур шароитларнинг яратилиши аёлларимизга янада қулайлик яратади. Эндиликда шаҳар марказига бориб келиш харажатлари оила буюджетида қолиши, вақтининг тежалишига хизмат қилади.Асосийси, аёлларимизни оғирини енгил қилади.

Яна бир қувонарли томони шундаки, фармонда хотин-қизларимиз мутахассислиги бўйича 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилиши кўплаб ўрта-махсус маълумотли опа-сингилларимизни қувонтиришига ишонамиз.

Шунингдек, барча давлат органлари ва ташкилотларида раҳбарнинг камида бир нафар ўринбосари аёл киши бўлишининг белгиланиши ҳам раҳбар аёлларининг кўпайишига ва гендер тенглигининг амалда ижросини таъминланишига хизмат қилади.

Биз, депутатлар ҳам аёлларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш борасида ишларимизни кучайтиришимиз, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий меъёрларни кучайтириш бўйича қатъий иш олиб боришимиз керак.

Фармоннни қайта-қайта ўқирканман, ҳаётимизда учраб турган кўплаб муаммоларнинг ечими бўйича катта ва қатъий вазифалар белгиланганига амин бўлдим.

Мухтасар айтадиган бўлсак, бу ҳужжат аёллар, опа-сингилларимизни рози қилишга, инсон қадрини улуғлашга асос бўлишига ишонамиз.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш