Аёлларга эътибор буюклик рамзидир

 

Келажаги буюк давлат қуриш борасида биз, энг аввало, ёш авлодга таянамиз. Ўғил-қизларимизнинг қандай инсон бўлиб вояга етиши эса авваламбор биз аёлларга боғлиқ. Чунки фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади.

Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунларидан бошлаб одамларнинг мавжуд муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этишга қаратилган сиёсатни ҳаётга жорий этди. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича «хонадонбай» ва «маҳаллабай» иш тамойиллари йўлга қўйилди. Натижада аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу орқали аёлларимизнинг оғирини енгил қилишга, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, иқтисодий ва ижтимоий ҳамда фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 7 мартида қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳам хотин-қизларимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда аёлларимизни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш билан бирга уларни ижтимоий ҳимоялаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, касбга ўқитиш, гендер тенгликни таъминлашга хизмат қилади. Хусусан, партиямиз томонидан анча вақтдан буён илгари сурилиб келаётган масала – жорий йил 1 сентябрдан бошлаб 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланди.

Бундан ташқари, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларининг берилиши, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, ҳар йили 50 нафар қиз нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилиши ҳамда ҳар бир вилоятдан эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларининг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши аниқ вазифа қилиб белгиланди. Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, хотин-қизларга дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари каби талаб юқори бўлган бошқа таълим йўналишлари бўйича таълим берадиган алоҳида университет ва пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида босқичма-босқич ҳудудий техникумларни ташкил этилиши, «Олима аёллар жамияти»нинг тузилиши хотин-қизлар илмий салоҳиятини ошириш билан бирга илмий-тадқиқот натижаларини ҳаётга татбиқ этишда қўл келади.

Мухтасар айтганда, буларнинг барчаси давлат томонидан аёлларга кўрсатилаётган эътиборнинг юксак намунасидир. Боиси, мазкур имтиёзлар хотин-қизларимизнинг билим, иқтидор ва истеъдоларини намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратди.

 

Хуршида Нарзиева,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш