Мамлакатимиз жамоатчилиги инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, масъул инвесторлар ва бизнес ташкилотларининг глобал коалицияси бўлган халқаро “Cotton Campaign” ташкилотининг ўзбек пахтасини глобал бойкот қилиш чақириғи тугагани борасидаги эълонини катта мамнуният билан кутиб олди.
Қайд этилишича, мазкур қарор ташкилотнинг етакчи ҳамкори бўлган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” томонидан 2021 йилда пахта теримида ўтказилган мустақил мониторинг натижаларига асосан қабул қилинган. Ҳисоботда Ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани эълон қилинган.
Ушбу тарихий воқеа муносабати билан Олий Мажлис Сенатида ўтказилган матбуот анжуманида парламент юқори палатаси раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева ҳамда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси раҳбари Б.Фриман мазкур натижага юртимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мутлақо янги тизими яратилгани туфайли эришилганини таъкидладилар. Жумладан, мамлакатимизда меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳолининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига бозор иқтисодиёти тамойилларини кенг татбиқ этиш, тармоқни механизациялаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.
Алоҳида эътироф этиш керак, юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун охирги уч йил давомида 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кирди, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ҳамда баённомалари ратификация қилинди. Болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришга, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида институционал базани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди.
Бундан ташқари, 2020-2030-йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида тизимли ислоҳотларни амалга оширишга киришилди. Агробизнес учун қулай муҳит яратиш, унинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш, бозор тамойилларини кенг жорий этиш, шунингдек, меҳнатни механизациялаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева:
– Инсон хуқуқларини химоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-хуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни жорий этиш, мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг институционал асосларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, шунингдек, соҳа бўйича фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан очиқлик тамойилига асосланиб ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича олиб борилган изчил фаолият натижасида Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди, – деди.
Тадбирда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси раҳбари Б.Фриман юртимиз пахта далаларида пахта теришда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида сезиларли ютуқларга эришилгани, соҳада кўп йиллардан буён сақланиб келаётган муаммолар ҳал этилганини таъкидлади.
Алоҳида қайд этиш керак, Ўзбекистон пахтасидан бойкотнинг олиб ташланиши биринчи навбатда текстил саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг мамлакатимиз бозорига кириб келишига имкон яратади. Шунинг билан бирга, миллионлаб янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш, соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида кенг имкониятлар эшигини очади.
Жаҳонгир Олимов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.