Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими демократик ислоҳотлар самарасини белгилайди

Сайловолди жараёнларда ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, уларни сайлов қонунчилиги билан таништириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Айниқса, уларнинг давлат ва жамият қурилишида фаол иштирокини таъминлаш сиёсий партия олдида турган муҳим масалалар сирасига киради.

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан “Менинг биринчи сайловим” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, депутатлар, Бухоро Солиқ коллежи ҳамда Бухоро нефть ва газ саноат коллежи талабалари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар шуни алоҳида қайд этишдики, сайловлар орқали фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилади, давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Шу боис бу жараёнда уларнинг сайлов ҳуқуқи эркинликларидан тўла фойдалана билиши, юртимиз сиёсий ҳаётида фаол қатнашиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ёшларга сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар бўйича тушунтиришлар берилди. Талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди. Ўз ўрнида ёшларнинг ҳам бу борадаги сиёсий билимлари турли методлар ёрдамида аниқланди. Фаол иштирок этган ёшлар партия томонидан рағбатлантирилди.

– Мен бу йилги сайловларда илк маротаба иштирок этиб, барча тенгдошларим қатори депутатликка муносиб номзодга овоз бермоқчиман, – дейди Бухоро солиқ коллежи 3-курс ўқувчиси Шаҳризода Жўрабоева. – Бугунги тадбирда иштирок этиб, сайлов қонунчилиги борасидаги билимларимиз янада ошди. Сайлов кодекси ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Сайловга сиёсий-ҳуқуқий билим, яхши тайёргарлик билан кириб боряпмиз. Бундан жуда мамнунмиз.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш