Қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли фикрлари ўрганилмоқда

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида партиянинг маҳаллий кенгашлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида қонун лойиҳалари бўйича партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар тайёрлашда партия олдида турган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, юртимизда профессионал асосда ишлайдиган парламентнинг ташкил этилганига ўн саккиз йил бўлмоқда. Натижада, қабул қилаётган қонунларимиз сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда.

Бугунги кунда партия тизимида Қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормаларни амалиётда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берувчи ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш мақсадида, қонун лойиҳаларини янада ҳаётийлигини таъминлаш, ҳақиқатан ҳам ҳаётда ечимини кутиб турган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиш мақсадида, қонун лойиҳаларини жойларга муҳокама учун юбориш ва кенг жамоатчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига ўз вақтида тақдим этиш орқали қабул қилинадиган қонунларни пухта ва пишиқ ишланилишига хизмат қиладиган “Марказ-вилоят-туман”тизими ишламоқда.

Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б.Юсупов Халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги, қонунларни “номигагина кўриб чиқиб, бир овоздан маъқуллаш” деган эски амалиётдан воз кечиб, уларни жиддий ва батафсил муҳокама қилиши лозимлигига эътибор қаратди.

Йиғилишда таъкидландики, сиёсий партиялар учун яратилган имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини тўлақонли амалга оширишнинг энг самарали шакл ва услублари, мехнизмларидан кенг фойдаланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан тасдиқланган 2022-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури партия Сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Ҳаракат дастури доирасида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилмоқда, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда қабул қилинган мақсадли дастурларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва парламент назоратини олиб бориш бўйича маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини янада кучайтиришга эришилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 2 ойи мобайнида партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 198 та масала партия гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилди. Уларнинг 155 таси доимий комиссия йиғилишларига, 97 таси Халқ депутатлари вилоят, туман шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига олиб чиқилиши натижасида қатор ижтимоий муаммолар ўз ечимини топди.

Йиғилишда таъкидланишича, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида 25та қонун лойиҳаларига 54та таклифлар олинди.

Тадбирда сўзга чиққан, Халқ депутатлари Наманган вилояти Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати, партиянинг туман кенгаши раиси Жуманова Соҳибахон Исмоиловна, Хоразм вилояти Халқ депутатлари Хазорасп туман Кенгаши депутати, туман партия кенгаши раиси Воисов Машъал Исломович, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Тошлоқ туман Кенгаши депутати, партиянинг Тошлоқ туман кенгаши раиси Солиев Турсунбой Нурматович, Халқ депутатлари Тошкент шахар Юнусобод туман Кенгаши депутати Ачилов Абдужаббор Абдураҳимович ва Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Ўразбоев Урал Камоловичнинг ёрдамчиси Эргашев Даврон Улуғбеклар сўзга чиқиб, партия электорати манфаатларини таъминлашда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг тизимли ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига, қабул қилинадиган қонунлар ва парламент муҳокамасига олиб чиқиладиган масалаларни аввало жойларда маҳаллий кенгашлардаги депутатлар иштирокида чуқур ўрганишга, таҳлил қилишга ва шу орқали парламентда партия электорати манфаатларини ифода этишдан иборатлигига эътиборларини қаратдилар.

Тадбир якунида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш