“Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар уй-жой билан таъминланмоқда

 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Аёллар дафтари” ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда самарали тизим экани ҳаётда ўз исботини топди. Энг муҳими, уй-жойга эга бўлмаган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган ёки бемор аёллар, боқувчисини йўқотган оилалар бекалари, ҳаётда тўғри йўлдан адашган ожизалар, қўйингки, ҳар бир аёлдан ҳол-аҳвол сўралиб, муаммоси бўлса ҳал этишга кўмаклашилмоқда.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масласига партиямиз депутатлари ҳам доимий эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада халқ депутатлари Ўзбекистон ХДПдан Фарғона вилоят Кенгаши депутати, “Фаол аёллар” қаноти раҳбари Гулчеҳра Жўраеванинг фаолиятини алоҳида таъкидлаш мумкин. Хусусан, депутат ва масъулларнинг ҳамкорликдаги ўрганишлари натижасида Учкўприк туманидаги 53 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 46 мингдан ортиқ хонадонда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг 4197 нафари “Аёллар дафтари”га киритилди.

Рўйхатга олинган аёллар билан тизимли ишлаш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, нотурар жойларда истиқомат қилиб келаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд, тиббий, ҳуқуқий ва психологик маслаҳатга муҳтож аёллар бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида улардан 16 нафари ҳамда отасиз ёки онасиз бўлган 18-35 ёш оралиғидаги хотин-қизларнинг 10 нафари бошланғич тўловсиз уй-жой билан таъминланди. Шунинг билан бирга, уй-жойи таъмирга муҳтож хотин-қизларнинг уй-жойлари ҳомийлар кўмагида таъмирлаб берилди. Бундан ташқари, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қийин шароитларда яшаётган, ўзи ёки ногиронлиги бўлган фарзанди бўлган 6 нафар аёлга имтиёзли янги уй-жойлар қуриб берилишига эришилди.

 

Мунира Исомова,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши маъсул ходими.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш