Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракцияси ва Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича парламент комиссияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур йиғилишда тиббиёт соҳасининг қуйи тизими учун белгиланган вазифаларнинг ижроси билан боғлиқ масала муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг февраль ойида ЎзХДП фракциясининг аъзолари халқ депутатлари Кенгашлари билан биргаликда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини жойларга чиқиб ўрганиб қайтган эди.
Ўрганиш жараёнида Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 4-банди ижроси, яъни 2021 йилда ташкил этилиши белгиланган 100 та оилавий шифокорлик пункти (ОШП), 28 та оилавий поликлиниканинг (ОП) фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда ўрганиш натижалари бўйича Халқ демократик партияси фракцияси ва Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси аъзоси Қ.Қосимова атрофлича маълумот берди.
Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани алоҳида эътироф этилди.
Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш мақсадида Президентнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Биргина ўтган йилнинг ўзида тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Уларга кўра, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокорлик пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника, деб қайта номланди ва фаолияти янги босқичга кўтарилди. Ушбу мутахассисларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилди. Мазкур бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб бориши белгиланди.
Мониторинг даврида аниқланишича, 100 тадан 96 та оилавий шифокор пункти ишга тушган бўлиб, қолган 4 таси ишга туширилмаган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 2 та – Бўзатов тумани “Ақ еден” оилавий шифокорлик пункти ҳамда Мўйноқ тумани “Қизил жар” оилавий шифокорлик пункти фаолияти йўлга қўйилмаган. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманидаги “Меҳнатобод”, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Соз-сой” оилавий шифокорлик пункти турли сабаблар билан ишга тушмаган.
Режалаштирилган 28 та оилавий поликлиниканинг 27 таси ишга туширилган бўлиб, 1 тасининг (Наманган вилояти Давлатобод туманидаги 17 - оилавий поликлиника қурилиш ишлари охирига етказилмаганлиги сабабли) фаолияти йўлга қўйилмаган.
Оилавий поликлиникаларнинг 13 таси таъмирланган, 14 таси таъмирталаб ҳолатда бўлса, оилавий шифокорлик пунктларининг 56 таси таъмирланган, 36 таси таъмирталаб ҳолатда, 4 тасида эса қурилиш ишлари якунланмаган. Оилавий поликлиникаларнинг 8 таси тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган, 20 таси қисман, оилавий шифокорлик пунктларининг 33 таси тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган, 63 тасида тиббий асбоб-ускуналарга эҳтиёж бор.
Ўрганилган тиббиёт муассасаларининг қарийб 50 фоизида кадрларга эҳтиёж борлиги маълум бўлган.
Депутатлар ўрганишлар давомида аниқланган бошқа ҳолатлар бўйича мутасаддиларга савол ҳамда фикр-мулоҳазалар билан мурожаат қилишди.
Қўшма йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасининг қуйи тизимида амалга оширилаётган муҳим ишлар эътироф этилган ҳолда, аниқланган камчиликларни саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали бартараф этиш кераклиги таъкидланди.
Турли сабаблар билан фаолияти йўлга қўйилмаган оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини самарали ташкил этиш, парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича чоралар белгиланди.