Юртимизда ҳар йили Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланади. Мунис онахонлар, гўзал қизлар, дилбар аёлларга чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Аммо бу йилги байрам ўз мазмун-моҳияти билан аёлларимизни янада кўкларга кўтарди. Бунинг асосий сабаби, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган имтиёз ва имкониятлар бўлди.
Хусусан, Оила ва Хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилгани, маҳаллаларда аёллар фаоли лавозими жорий этилгани, хусусий секторда ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан тўланиши йўлга қўйилиши, ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизини хотин-қизларга йўналтириш, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш Дастури ишлаб чиқилиши, унга кўра қизларнинг таълим олиши учун қатор имтиёзлар берилаётгани “Бизнес аёллар” Дастурининг ишлаб чиқилиши белгиланаётгани ва бошқа янгиликлар мамлакатимиз хотин-қизларининг турмуш шароитини бутунлай юқори босқичга кўтаришига етарлича асос бўлади.
Бундан ташқари, ҳар йилгидек бу йил ҳам байрам арафасида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган бир бир гуруҳ аёлларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Улар орасида қорақалпоғистонлик, Беруний туманидаги «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рузибика Аитбаева «Меҳнат шуҳрати» ордени, «Беруний агро пилласи» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мухаббат Аннамуратова «Дўстлик» ордени, Қонликўл туманидаги 19-болалар мусиқа ва санъат мактабининг қўшиқчилик бўлими ўқитувчиси Айсултан Жаксимуратова ва Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлими катта ҳамшираси Раъно Сапарова «Соғлом турмуш» медали, Мўйноқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари Бахаргул Жамалова «Содиқ хизматлари учун» медали, Нукус шаҳридаги Президент мактабининг ижрочи директори Нурсулу Балтабаева, Қўнғирот туманидаги «Диёр маркет Кунград» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зулфия Давлетярова, «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонасининг цех муҳандис-метрологи Рая Даулетназароваларнинг «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани барчамизнинг қалбимизни фахру ифтихорга тўлдирди.
Шунингдек, икки нафар қизимиз “Зулфия” номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасидан бир неча аёлларимиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини олишга мушарраф бўлдилар.
Улар орасида мен ҳам борлигимдан бениҳоя хурсандман, албатта.
Аслида бу юртнинг ҳар бир аёли мўътабардир, қадрлидир.
Чунки, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бу оила, хотин-қизлар, келажак авлодни қўллаб-қувватлашдир.
Шулар ҳақида ўйлар эканман хаёлимга қуйидаги сатрлар келди:
Юртим сенга ташаккур,
Кам этмай, камол этдинг.
Бир овулнинг қизини,
Мўътабар аёл этдинг.
Шу ожиз жусса учун,
Минг орзу хаёл этдинг.
Ўзинг тутиб қўлимдан,
Мўътабар аёл этдинг.
Қандайин этгум адо,
Энди хўп савол этдинг.
Бердинг, беравердинг ва,
Мўътабар аёл этдинг.
Юртим сенга ташаккур,
Кам этмай, камол этдинг.
Бир овулнинг қизини,
Мўътабар аёл этдинг.
Назира МАТЯҚУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,
“Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси.