Очиқ мулоқот. Талабалар иш топишда қандай муаммоларга дуч келяпти?

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши медиа марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Талабаларнинг меҳнати фаолияти: амалиёт, муаммо ва ечим” мавзусида талаба ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, ҳозирги кунда олийгоҳларимизда ўқиётган талабалар билан суҳбат ва сўровномалар ўтказилган. Талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи борлигини билдиргани туфайли мутасаддиларга ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериш вазифаси юклатилганди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда турли соҳаларда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант, яъни таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида – 22 мингтадан, саноатда – 17 минг, соғлиқни сақлашда – 9 минг, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингтадан, молия соҳасида – 3 минг, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 минг иш ўрни мавжуд. Бундан ташқари, давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларга 2022 йилда камида 3 минг нафар талабани жалб қилиш мумкин.

Ўзбекистон ХДП фракцияси депутатлари, тегишли ташкилотлар, Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар клуби етакчилари ҳамда партиянинг фаол ёшлари иштирок этган очиқ мулоқотда талабаларни иш билан таъминлаш бўйича йўлга қўйилаётган янги тизим ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилгани, соҳалар кесимида талаба ёшлар ишлаши мумкин бўлган иш ўринлари, яратиладиган шароитлар ва қулайликлар ҳақида айтиб ўтилди.

Йиғилишда талабалар бандлигини таъминлаш кўплаб муаммоларга ечим топиши билан бирга, уларнинг ўқиш давридаёқ ўзларини қизиқтирган соҳаларда ишлаши, назария ва амалиётни уйғунлаштириш, диплом оладиган вақтга келиб тайёр мутахассис бўлиб шаклланишида қўл келишини таъкилаб ўтилди.

Мулоқотда талаба ёшлар бугунги кунда ишга жойлашишда юзага келаётган тизимли муаммолар ҳақида гапириб, бу масалаларга қандай ечимлар топилаётганлиги билан қизиқишди.

Билимли, мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни қўллаб-қувватлаш, руҳлантириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш