Фракция йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот эшитилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Электрон тижорат тўғрисида»ги ҳамда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш билан бошланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси масъул ходими Сардор Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидландики, палата томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 2021 йилда 60 та назорат тадбири ўтказилган. Назорат тадбирлари натижасида 2021 йил учун режалаштирилган бюджет харажатлари 2,1 трлн сўмга, 2022 йил бюджет лойиҳасида кўзда тутилган харажатлар 641 млрд сўмга мақбуллаштирилиб, мазкур маблағлар бошқа устувор йўналишларга қайта тақисмланиши юзасидан таклифлар киритилган. Бундан ташқари, бюджет маблағларидан 338 млрд сўми ноқонуний харажат қилинган ва ўзлаштирилгани, давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳамда давлат бюджетига қўшимча манбалар аниқланган. Шунинг билан бирга, ўтказилган 41 та назорат тадбирлари натижасида аниқланган коррупциявий ҳолатлар бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Ҳисоб палатаси томонидан тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар билан бирга қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида инвестициявий лойиҳаларнинг жорий ҳолати, шу жумладан, 2021 йил инвестиция дастурига киритилган объектларда қурилиш-таъмирлаш ишларини лойиҳалаштириш ва ишларни бажариш учун маблағларнинг тўлақонли ажратилганлиги ўрганилган. Ушбу жараёнда барча манбалар ҳисобидан 5 трлн сўмлик 783 та муаммоли объектлар борлиги, хусусан, 144 та мактабгача таълим, 117 та мактаб, 57 та соғлиқни сақлаш, 17 та маданият, 5 та олий таълим, 15 та спорт, 214 та коммунали хўжалиги, 69 та автомобиль йўллари ва 145 та бошқа ижтимоий объектлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмагани аниқланган. Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 221 та ижтимоий объектнинг ишга туширилиши таъминланган.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи депутатлар томонидан маъқулланди.

Фракция аъзолари кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари юзасидан ҳам электорат нуқтаи назаридан муносабат билдирдилар.

Йиғилишда фракция фаолиятига оид масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш