Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2021 йилнинг 10 ойида 7681 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, 1964 киши ҳаётдан кўз юмган, 6886 киши турли даражада тан жароҳати олган. Афсусланарлиси, йўл-транспорт ҳодисаларининг сезиларли қисми автомобилни маст ҳолда бошқаришга тўғри келади.
Автоҳалокатлар, хусусан, автомобилни маст ҳолда бошқариш натижасида содир этилаётган қоидабузарликлар ҳақиқатан ҳам ташвишлидир. Ачинарлиси, бу борада олиб борилаётган тарғибот тадбирлари, профилактика ишлари кутилган натижаларни бермаяпти. Йўлларда спиртли ичимлик ичгани ҳолда автомобилда ҳаракатланиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Бундай вазиятда табиийки, тегишли чора-тадбирлар кўриш тақозо этилади. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларида маст ҳолда автомобиль ҳайдаганлик учун 5 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш таклиф қилинмоқда.
Бу ҳақда сўнгги кунларда ОАВда ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалиши ортидан жамоатчилик томонидан турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Юртдошларимизнинг асосий қисми, мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, маст ҳолда автомобиль бошқарганлик учун жазо кучайтирилиши тарафдори эканликларини маълум қилмоқдалар. Чунки, бу ўринда гап инсон ҳаёти, унинг соғлиги ҳақида кетмоқда ва шу боисдан, мазкур омилларга хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳолатга қарши қонунчиликда жазо чоралари кучайтирилиши, жамиятда муросасиз муҳит шакллантирилиши шарт.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати