2020 йилги Бюджетнома Қонун билан қабул қилинади

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун лойиҳалари билан биргаликда бу йил илк бор қабул қилиниши режалаштирилган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинади.

Депутатлар партия Сайловолди дастуридаги устуворликлардан келиб чиқиб, Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги тадбирларни молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Қайд этилдики, ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ажратмаларини тасдиқлаш, бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети ҳамда уларни тайёрлаш учун асос бўлган макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари тўғрисида маълумотларни беришдан иборат.

Қонун лойиҳасининг асосий моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, унда Олий Мажлиси палаталари биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари учун парламент ажратмаларини, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини тасдиқланган. 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2021-2022 йилларга бюджет мўлжаллари ҳамда келгуси йилги Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози маълумот учун қабул қилинган.

Шунингдек, 2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози маълумот учун қабул қилинган ва уларнинг харажатлари тасдиқланган. Республика бюджетининг қўшимча манбалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоиздан ошмаган миқдорларда ишлатиш ваколати берилган. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари маълумот учун қабул қилинган. Бундан ташқари айрим солиқлар ва тўлов ставкалари миқдори тасдиқланган.

ХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, мазкур Қонун лойиҳасида белгиланган чоралар бюджет ижроси жараёни ва бюджет маблағларини тасарруф этувчиларнинг жавобгарлигини оширишни ҳамда давлат бюджети барқарорлигини таъминлайди. Шу билан бирга қонун лойиҳасида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва бюджет жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасида бюджет жараёнининг барча иштирокчилари томонидан маблағлардан фойдаланишга доир ҳисоботларни ҳамда солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини жойлаштириш механизмини белгиловчи алоҳида боб келтирилган.

Бундан ташқари, ушбу Қонун лойиҳасининг учинчи бобида баён этилган бюджетлараро муносабатларнинг янги тизими назарда тутилган. Хусусан, Олий Мажлиси палаталари томонидан Консолидациялашган бюджет параметрлари, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун парламент ажратмалари ва бюджетлараро тартибга солувчи трансфертлар ҳажмларининг чекланган миқдорларини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси томонидан иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун парламент ажратмаларининг чекланган миқдорларини тасдиқлаш белгиланган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетлар параметрлари, шунингдек маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган мақсадли тартибга солувчи трансфертларнинг чекланган миқдорларини тасдиқлаш назарда тутилган.

Ушбу механизмларнинг амалга оширилиши бюджетлараро муносабатларда шаффофликни, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини
ва бюджетни ишлаб чиқиш ҳамда унинг ижроси жараёнида Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлар Кенгашлари ролини оширади, дейишди депутатлар.

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан амалиётда илк бор қўлланинаётган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар берилди.

Фракция аъзолари кун тартиби юзасидан яна бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг позицияси белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш