Кексалари рози бўлган юртда барака бўлади

 

Халқимизда пиру бадавлат отахон ва онахонлар истиқомат қилувчи хонаданлар фариштали уй, деб улуғланади. Зеро, нуронийларимиз ёш авлодга меҳр-оқибатни ўргатиб, оилаларда тотувликни сақлаш, жамиятда барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Ўз навбатида кекса авлод вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларга устувор вазифа сифатида эътибор қаратиляпти. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча қабул қилинган “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар кекса ёшли фуқароларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг навбатдаги амалий ифодаси бўлди.

Мазкур қарорга кўра, жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб бир қатор имтиёзлар жорий этилиши кўзда тутилган. Хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштириш, шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб бериш ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатларини қоплаб бериш таъминланади. Шунингдек, оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.

Бундан ташқари, кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари, давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

Маълумки, ота-она, ёши улуғ инсонларни қадрлаш, уларнинг розилигини, дуоларини олиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятларимиздан ҳисобланади. Шу маънода айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг юқори номи қайд этилган қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳам айни шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш