Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятига қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида тобора ортиб бораяпти. Яқинда яна бир гуруҳ ёшлар партияга аъзо бўлди. Улар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Зуҳрахон Мақсадова ҳам бор.
Зуҳрахон Мақсадова 2002 йил 22 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида туғилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университети талабаси. У адабиёт йўналишининг шеърият жанрига қизиқади. Шеърларида юрт гўзалликлари, дўстлик ва садоқат туйғулари куйланади. Маънавий-марифий тадбирлардаги фаоллиги, ташаббускорлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб туради. Зуҳрахон Мақсадова бўш вақтини турли тўгаракларга қатнашиш билан ўтказиб, ўзининг аъло баҳоларга ўқиши, намунали хулқи, маънавий гўзаллиги ва ўқув жараёнидаги кўрсаткичлари билан университет педагогик жамоасида, маҳаллада ва тенгдошлари ўртасида ҳурмат ва эътибор қозонган. 2017 йил март ойида «Юртим жамоли» номли шеърий тўплами нашрдан чиққан. 2018 йилда «Фасллар ўхшаркан асли умрга», «Парвоз», 2019 йил «Ният» номли шеърий тўпламлари нашрдан чиқди.
2021 йил 31 май куни “Бадиий тафаккурнинг янгиланиши” мақоласи “Образование и наука в ХХI веке” журналида чоп қилинган. 2021 йил июнь ойида “Санъат турларининг ўзаро алоқадорлиги” номли мақоласи “Ўзбекистонда илмий-амалий тадқиқотлар”мавзусидаги Республика 29-кўп тармоқли илмий масофавий онлайн конференциясида сертификат билан тақдирланган.
“Тамаддун нури”, “Сабо” журналларида ҳамда “Қорақалпоқ адабиёти”, “Вазият”, “Давр кўзгуси” каби газеталарда “Ўзбекистон фарзандлари бу”, “Юрт фарзанди”, “Боболарим менинг буюкдир”, “Юрак”, “Ҳаёт имтихони”, “Жумбоқ”, “Устоз”, “Орзулар”, “Курсдош”, “Дўстим”, “Она дуоси” каби шеърлари чоп қилинган.
— Анчадан бери сиёсий партия аъзоси бўлиш ҳақида ўйлаб юргандим, — дейди Зуҳрахон Мақсадова. — Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ташаббуслари, амалий ишлари менга маъқул бўлди. Партия депутатларининг ташаббуслари, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган амалий ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали танишиб боряпман. Партия дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга бор куч ғайратим билан ҳаракат қиламан.