Кексаларга эътибор ва ғамхўрлик азалий қадриятларимиздандир

 

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиздаги қатор ижтимоий ва маиший муаммоларни бартараф этишда нуронийларнинг ўгитлари ва бой ҳаётий тажрибасига таяниш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши бу борада бир қатор долзарб масалаларнинг ижобий ҳал этилишига ҳуқуқий асос яратди. Хусусан, ходимнинг пенсия ёшига тўлгани муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартибини бекор қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Бу имконият кўплаб ёши улуғ инсонларимизнинг кўнглини тоғдек кўтарди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Шунингдек, мазкур қарор билан кекса авлод вакилларини “Нуроний” жамғармаси ҳисобидан рағбатлантириб бориш ва ижтимоий ҳимоялаш масалалари кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида маҳаллаларда ёшларнинг тарбияси билан шуғулланган ҳамда ёшлар ўртасида маънавий муҳитни янада яхшилашда ижобий ўзгаришларга эришган нуронийларимиз мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори юртимизда кенг қулоч ёйганини барчамиз яхши биламиз. Ушбу ташаббус доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳр-мурувват кўрсатиш қалб амрига, эзгу анъанага айланди. Қарорда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади. Шунинг билан бирга, шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади. Оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.

Бундан ташқари, кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари ҳамда давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари қоплаб берилади. Ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар, уйда хизматларни кўрсатиш масалаларида тизимли ишлар амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга қаратилаётган эътибор, ҳурмат ва ғамхўрлик кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишига хизмат қилади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш