Долзарб вазифалар ижроси барчамизга бирдек масъулият юклайди

 

Маълумки, иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва йирик корхоналарда давлат улушининг узоқ вақт сақланиши бозор механизмларига ўтишнинг кечикишига, меҳнат унумдорлигини ошириш, янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва соҳага илғор технологияларни жорий этиш, хусусий капитални фаол жалб қилган ҳолда янги иш ўринлари яратишга салбий таъсир кўрсатади.

Шу мақсадда давлат корхоналари трансформация қилинади. Яъни, трансформация дастури ишлаб чиқариш, маҳсулотларни харид қилиш, сотиш, инвестициявий фаолият самарадорлигини ва маҳсулот сифатини оширишга қаратилган тадбирлар мажмуини ўз ичига олади. Натижада давлат корхоналарининг халқаро бозорда рақобатбардош ўринга эга бўлиши, улар фаолиятида хусусий капитал иштироки, очиқлик ва шаффофликка асосланган замонавий корпоратив бошқарув тизимининг яратилиши таъминланади.

Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, иқтисодиётда давлат иштироки Жанубий Кореяда 22% ни, Германияда – 18% ни, АҚШда – 11% ни ва Японияда – 5% ни ташкил этади.

Жорий йилнинг 14 март куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши айнан иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалаларига бағишланди.

Йиғилишда мамлакатимизда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, рақобат муҳитини яхшилаш мақсадида давлат корхоналари трансформация борасидаги ишларни жадаллаштириш ва давлат активларини хусусийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз раислигида ўтадиган ҳар бир йиғилиш, у қай мавзуга бағишланмасин, факт ҳамда рақамларга, жойлардаги реал вазиятга асосланган чуқур таҳлилий ва танқидий хулосалар, шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифаларнинг белгилаб берилиши билан алоҳида ажралиб туради.

Мазкур видеоселектор йиғилишида ҳам 25 та давлат корхонасида операцион самарадорликни оширишда сусткашликка йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилди. Ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш кераклиги айтилди. Транспорт соҳасидаги ишлар ҳолати ҳам кўриб чиқилиб, транзит йўловчилар оқимини ошириш, чартер парвозларга рухсат бериш тизимини соддалаштириш, маҳаллий аэропортларни минтақавий транзит хабига айлантириш чоралари белгиланди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси эркин рақобат шароитида ишлаш учун замонавий ёндашувларни жорий қилиши, авиачипталар нархининг ошишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда иқтисодиётда жорий йилнинг биринчи чораги якунида кутилаётган натижалар таҳлил қилинди. Янги корхоналарни фойдаланишга топшириб, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига иқтисодий асосланмаган лойиҳаларнинг илгари сурилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди. Мутасадди идораларга ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, инвестиция лойиҳаларининг бозор иқтисодиёти талабига жавоб беришини ўрганиш вазифаси қўйилди. Экспорт масалалари муҳокама қилинар экан, ташқи бозордаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб, транспорт ва логистика масалаларини ҳал этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, маҳсулотларни янги бозорларга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Таъкидлаш лозимки, юртимизда жадал суратларда амалга оширилаётган ва бугун сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотларнинг муваффақияти, кўплаб омиллар билан бир қаторда, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришни ҳам талаб қилади. Шу сабаб, видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда биз депутатларга ҳам барчамизга бирдек масъулият юклайди.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш