Сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.
Стратегияда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 9 та асосий йўналиш, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этиш муҳим устувор йўналиш сифатида белгилаб берилган. Ушбу вазифалар ижросининг таъминланиши нафақат ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, шунинг билан бирга, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари халқимиз дастурхонига етиб боргунига қадар уларнинг нархи сунъий тарзда ошиб кетишига, узилишлар юз беришига йўл қўймаслик учун барча зарур чоралар кўриб борилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси кескин кўтарилиб кетмаётганини, ўрни келганда алоҳида таъкидлаш керак.
Украина заминида юз бераётган воқеалар ортидан Россия Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган чекловлар оқибатида ички бозорда барқарорликни сақлаб қолиш борасида фавқулодда қарорлар қабул қилмоқда. Хусусан, бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, буғдой ва шакар экспортини маълум муддатга тўхтатди. Мазкур қарордан айрим ижтимоий тармоқларда ун нархининг кўтарилиб кетиши, шакар тақчиллиги юзага келиши борасида ҳеч бир асосга эга бўлмаган фикрлар билдирилди.
Аввало, таъкидлаш керак, юқорида айтилганидек, Ҳукуматимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда мавжуд донни қайта ишлаш (ун ишлаб чиқариш) ва шакар ишлаб чиқариш корхоналаридан ташқари, ушбу йўналишларга ихтисослашган бир қанча корхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса республикамизнинг ун ва шакар импортига бўлган эҳтиёжини сезиларли тарзда қисқартириш, ушбу маҳсулотлар нархини барқарор ушлаб туриш имконини берди.
Масаланинг яна бир жиҳати, маълумотларга кўра Россиянинг буғдой ва шакар экспортига қўйган таъқиқи Ўзбекистонга нисбатан қўлланилмайди.
Юқоридагиларга кўра, ун ва шакар нархи кескин ошиб кетиши ҳақидаги гап-сўзларда асос йўқ, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати