Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш учун муносиб шароит яратилмоқда

 

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани, ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида эътибор қаратиляпти. Эътиборлиси, шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда.

Ўрни келганда таъкидлаш керак, кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни халқимизнинг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Нуронийларнинг ижтимоий фаолликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фахрий мураббий” ордени ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик, тотувлик, барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ва баркамол униб ўсаётган авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакилларига муносиб эътибор қаратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш, оила ва жамиятда ёши улуғ инсонларнинг ўрни ва обрўсини ошириш, болалар ва ёшларни ота-оналарни, ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича аниқ тадбирлар амалга оширилиб борилмоқда.

Жумладан, кексаларга ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ва ошириш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, бунда улар учун туман ва маҳаллаларда мулоқот марказлари, қизиқиши бўйича клублар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

“Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” шиори илгари сурилаётган мамлакатимизда ижтимоий сиёсатга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда ва давлат томонидан ижтимоий ёрдамлар кўлами тобора кенгайиб, соҳада мутлақо янги тизим жорий этиляпти. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва нуронийнинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилди. Мазкур тизим Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтиб, ўз самарасини кўрсатди ва бугунги кунда барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиб борилмоқда. Натижада, эҳтиёжманд аҳоли билан ишлашда янги, шаффоф ва адолатли тизим йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди.

Мисол учун, охирги йилларда 1327 та ўринга мўлжалланган 27 та тиббий-ижтимоий муассасада 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва замон талаблари асосида фойдаланишга топширилди. Санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Бу ҳақда гап кетганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қўвватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим.

Орадан деярли бир йил вақт ўтиб, 2022 йил 15 мартда давлатимиз раҳбарининг “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга кўра, кексалар учун 152 та туман ва шаҳарда “Нуронийлар маскани” мажмуалари ташкил этилгани, барча ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш йўлга қўйилгани, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилгани, “Кексалар ҳафталиги” ва “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш анъанага айланиб бораётганлиги, айниқса нуронийларимизни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилиши белгиланмоқда.

Нуронийларимизни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши бунда, абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисоб рақамига Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўтказиб борилиши белгиланмоқда. Жумладан, меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий хабар олиш тизимини ташкил қилиш, кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида “Нуронийлар маскани” мажмуаларида ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб бориш вазифалари кўзда тутилган.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари ва маҳаллалардаги бошқа жамоатчилик тузилмаларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида маҳаллаларда ҳаётий ва катта амалий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли нуронийлар ва зиёлиларни ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларга бириктириш орқали уларни жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш дастурларини ишлаб чиқилади. Бунда, маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича нуронийларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Нуроний ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, таянч-ҳаракат тизими ва юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, мустаҳкамлаш борасида ишларни ташкил этиш мақсадида “Нуроний” жамғармасига жорий йилда жамғарма маблағларининг амалда ўзлаштирилишига қараб Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан:

- ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;

- оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади;

- шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;

- оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.

Жорий йил 1 майдан бошлаб эса ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимлари ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг “Саll-маркази”га қилинган мурожаатлар асосида қуйидаги хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади:

- оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорларининг кўригига ёздириш, уларни уйга кўрикдан ўтишга чақириш;

- кўрсатиладиган хизматлар доирасида дори воситалари, протез-ортопедия мосламалари ва кресло-аравачаларни уйга етказиб бериш;

- кутубхоналарга аъзо бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа нашрларни уйга етказиб бериш каби хизматлари кўрсатиш жорий этилади.

Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексаларни маънавий-руҳий ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида, жойлардаги давлат органлари ва муассасаларининг малакали психологлари, фаол ёшлардан иборат бўлган волонтёрлик гуруҳларини ташкил қилинади.

Ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилади.

Алоҳида таъкидлаш керак, ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Мухтасар айтганда, жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш