Бугун пойтахтимизда иш бошлаган Тошкент халқаро инвестиция форумидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар, молия-иқтисодий ташкилотларини жалб этишдан иборат бўлди.
Форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлаши юртимизда ишбилармонлик муҳити мутлақо янгиланиб, уни ривожлантиришнинг янги босқичига қадам ташланганининг яна бир исботидир.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини санаб ўтиб, хорижий валютани конвертация қилиш, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича чекловлар бекор қилингани, банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиққанига алоҳида урғу берди. Халқаро ҳамжамият учун очиқлик сиёсати йўлга қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиб сайланди.
Фуқаролик жамиятини барпо этиш, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришда эришилган муваффақиятлар қайд этилди. Иқтисодиётни ислоҳ қилишда, жумладан, солиқ юкини енгиллаштириш, божхона божларини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилашдаги натижалар ҳам санаб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларига батафсил тўхталди. Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказиш кўзда тутилгани таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.
Форум иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини қамраб олиб, иқтисодий фаолликни тиклаш ва унинг жадал ривожланишини рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, пул-кредит сиёсатини тартибга солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк соҳаси ва молия бозорини ривожлантиришга, энг муҳими халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.
Хуршидабону Назарова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати сектор мудири.