Тошкент халқаро инвестиция форуми – Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини намоён этади

 

Охирги беш йил давомида иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, умумий қиймати 25 миллиард доллар етди. Буларнинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Икки йил аввал мамлакатимиз тарихида биринчи марта камбағалликни бартараф этиш Ҳукумат сиёсатининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаб олинди. Ушбу йўналишда алоҳида Стратегия қабул қилиниб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Натижада, қисқа давр ичида ярим миллиондан ортиқ оила муҳтожлар тоифасидан чиқарилди.

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида эришилган ана шундай улкан ютуқлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Бу каби ютуқлар юртимиз ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан қатъий бораётганинг ёрқин далили, давлатимиз раҳбарининг ибораси билан айтганда, ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани реал ҳақиқатдир.

Шунинг билан бирга сўнгги йилларда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, бизнес учун қулай муҳит сифатида жаҳонга танитиш борасида ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада, юртимизга инвестиция киритиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ишбилармонлар ва компаниялар сони сезиларли тарзда кўпайди. Стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун янги майдон яратиш, халқаро бизнес ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятларини намойиш этиш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда дунёнинг 56 мамлакатидан 1,5 мингга яқин иштирокчи, хусусан,   ишбилармон ва сиёсий доиралар вакиллари, молия институтлари, хорижий вазирлик ҳамда идоралар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётгани ҳам дунё юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётгани ва қизиқиш катта эканидан далолат беради.

Халқимизда оққан дарё оқаверади, деган пурмаъно нақл бор. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон замини қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлган. Уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилган. Ушбу анъаналарнинг давоми сифатида “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттириш ишлари олиб борилмоқда”.

Булар ҳақда гапирганда, мамлакатимизда 2017 йилда хорижий валютани конвертация қилиш йўлга қўйилгани, чет эллик инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича чекловлар бекор қилингани, молия муассасаларимиз ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиққанини таъкидлаш лозим. Шунинг билан бирга, жаҳоннинг 90 та давлати фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш, яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса имконияти яратилди. Натижада Ўзбекистон бу борадаги кўрсаткичлар бўйича минтақадаги энг очиқ давлат мақомига сазовор бўлди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, сўз эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, 2020 йилда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилингани ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашининг аъзоси этиб сайлангани юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси эса барча соҳалардаги ислоҳотларни янада жадаллик билан давом эттириш, олдимизга қўйган юксак марраларни забт этиш имконини беради. Натижада юртимизда иқтисодий ва сиёсий барқарорлик ишончли таъминланади, ихчам ва юқори натижадор, бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат бошқари тизимини яратилади, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улуши кескин қисқаради, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш, инфратузилмани жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, маҳаллий хомашё негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталига сармоя киритиш, ташқи савдони либераллаштириш борасида янги имкониятлар яратилади. Пировардида, Ўзбекистон 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олади.

Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми юқоридаги каби юксак мақсад ва режаларимизни амалга ошириш, инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида   етарли шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш