Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев оппоқ либос эгалари бўлмиш соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Бундай шаклдаги учрашув мамлакатимиз тарихида илк маротаба ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари тиббиёт олимлари, шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар, санитария-эпидемиология хизмати вакилларидан келиб тушган жами 25 мингдан зиёд мурожаатни умумлаштириш ва тизимлаштириш асосида ишлаб чиқилган 7 та муҳим йўналишни белгилаб берди. Президентимиз ҳар бир йўналишга алоҳида тўхталиб янги ташаббусларни илгари сурди. Булар, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, тиббиёт соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш ҳамда касалликларнинг олдини олишдир.
Учрашув аниқ ва муҳим ташаббусларга бой бўлди. 20 минг нафар тиббиёт ходимлари ва аҳолидан олинган таклифлар, муҳокамалар соғлиқни сақлаш соҳасини тизимли трансформация қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур мулоқот сўнгги беш йил ичида амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки унда юқори малакали тиббий кадрлар салоҳияти ва сонини ошириш, чекка ҳудудларда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш, педиатрия ва ихтисослаштирилган клиникалар тармоғини кенгайтириш, кам таъминланган оилаларни тиббий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш, соҳадаги коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан келтириладиган тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуна ва метериаллар 2025 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинадиган бўлди. Шунингдек, 2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимида эскирган автомашиналар тўлиқ замонавий автомобилларга алмаштирилади ҳамда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади.
Таъкидлаш жоиз, тиббиёт ходимларининг фидокорона хизмати пандемия пайтида яққол намоён бўлди. Юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, унга чалинган беморларни самарали даволашдек улкан масъулиятни чуқур ҳис этган тиббиёт ходимлари жасорат билан қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашиб, самарали натижаларга эришдилар. Жумладан, инфекция тарқалишининг секинлашгани, касалликка чалинганларга нисбатан соғайганларнинг кўпайиб боргани барчамизни қувонтирди.
Очиқ мулоқот давомида “Қишлоқ шифокори” дастурини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Хусусан, 2022 йил 1 майдан олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади, шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади, олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор, клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланди.
Очиқ мулоқотга юборилган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмади. Тадбир давомида тиббиёт ходимлари бевосита давлатимиз раҳбари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мулоқот давомида берилган ҳар бир таклифни ўша ернинг ўзида ижобий ҳал қилиб, масъулларга топшириқ берди. Тез тиббий ёрдам ходимларини ҳам рағбатлантириш борасида берилган таклиф давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланди ва қонуний тарзда амалга оширилиши белгилаб берилди.
Олти соатдан кўпроқ давом этган ушбу учрашувни чин маънода тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мулоқот давомида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ва тизимдаги муаммо, камчиликларни бартараф этиш борасида бир қатор вазифа ва топшириқлар белгиланди. Энг муҳими, Президентимиз бу каби учрашувларни доимий равишда ўтказиш ташаббусини билдирди. Ишонч билан айтиш мумкинки, очиқ мулоқотда айтилган ўзгаришлар ва янгиликлар юртимиз тиббиёт соҳаси вакилларига бўлган юксак эҳтиром ва эътибордир. Ана шундай юксак эҳтиром ва эътибор шифокорларимиз учун улкан рағбат ва куч бўлиши шубҳасиз.
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.