Қайсики юртда тинчлик, иқтисодий барқарорлик, эркинлик ва шаффофлик бўлса, ўша замин дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборида бўлади. Улар шундай ҳудудларда фаолият олиб бориш, ривожланишни ва албатта тараққиётга ҳисса қўшишни исташади.
3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб келган. Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи сессиясида давлатимиз раҳбари “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланиш жадал давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда 5 йил аввал қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилиб келмоқда. Ушбу ислоҳотлар дастури давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олиб, қонун устуворлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш каби муҳим йўналишларни ўзида мужассам этган. Мана шу тизим асосида инвесторларни Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи барча омиллар бартараф этилиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратила бошланди. Бугунги мураккаб вазиятда ҳам мамлакатимиз яшаш ва ишлаш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида эътироф этилаётгани айни ҳақиқат. Юртимизда тадбиркорликка янада кенг йўл очиш ва албатта инвесторлар учун энг қулай ва зарур шароитларни яратиш бўйича ҳаракатлар янада жадаллаштирилиши иқтисодиётимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.
Форумда, шунингдек, давлатимиз раҳбари инвесторлар учун яратилган кенг шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, 2017 йилда миллий валютамизнинг эркин конвертациясини жорий қилиб, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловлар олиб ташлангани қайд этилди. Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқдилар. Дунё бозорларига миллий валютамизда ҳам халқаро облигациялар чиқарилди. 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон минтақадаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Айтиш керакки, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида қонунчиликни ўзгартириш ёки турли стратегияларни ишлаб чиқишгина эмас, одамларнинг дунёқараши ва фикрлашини ўзгартириш ҳам муҳим ҳисобланади. Айниқса, бу борада коррупцияга қарши курашиш масаласи алоҳида ўрин тутади. Табиийки, бу иллат жамиятдаги ҳар бир соҳа ривожига ўз салбий таъсирини ўтказади, ривожланишга тўсқинлик қилади. Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида алоҳида Агентлик ташкил этилди. Ўз навбатида, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш янада кучайтирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги замон бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтаётган, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этаётган бир давр эканлигини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам бугун ҳаётимизни инновацион технологияларсиз тасаввур қилолмаймиз. Дунё билан тенгма тенг қадам ташлаган ҳолда иқтисодий жараёнларда уларнинг кенг қамровли имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак бўлади.
Шербек БЎРОНОВ,
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.