Парваришга муҳтож кексалар учун волонтёрлик гуруҳлари ташкил этилади

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида давлатимиз раҳбарининг “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда партия ташкилотлари  ва депутатлик бирлашмаларининг олдида турган устувор вазифалар” мавзусига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Видеомулоқотда  партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат ёрдамчилари иштирок этди.

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Кейинги йилларда мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражасини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори ижросини таъминлашда партия ташкилотлари  ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.А.Ворисова даставвал мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти билан таништирди. Нуронийлар, кексаларга яратилаётган имкониятлар ва қулайликлар ҳақида гапириб ўтди.

- Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексаларни маънавий-руҳий ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида, жойлардаги давлат органлари ва муассасаларининг малакали психологлари, фаол ёшлардан иборат волонтёрлик гуруҳлари ташкил этилади. Шунингдек, ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади – деди М. Ворисова.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б.Юсупов ҳар бир кексага ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича қилинаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ва ошириш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, бунда улар учун туман ва маҳаллаларда мулоқот марказлари, қизиқиши бўйича клублар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганини таъкидлаб ўтди.

Мавзу юзасидан Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти бўлим бошлиғи, Халқ депутатлари туман депутати Мехринисо Бобоева,  Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилояти Термез туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Тўрабек Зоиров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Гавҳар Дурдиева, Навоий шаҳар Фахрийлар Кенгаши раиси Фотима Ҳикматова ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди.

Йиғилиш сўнггида партия қошидаги Фахрийлар Кенгашларига қарор ижроси юзасидан  қилинган амалий ишларни акс эттирувчи видеоролик тайёрлаш,  ОАВ да доимий ёритиб бориш вазифаси юклатилди.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш