Ички ишлар вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган қарор лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.
Таъкидлаш керак, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги ҳукумат тасдиқлаган низомга қўшимча киритиш ҳақидаги қарор лойиҳасида ЙПХ ходимининг хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларни унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик масаласи кўзда тутилмоқда.
Маълумки, ЙПХ ходимларининг фаолияти йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя этилиши, ушбу соҳада қонунийлик таъминланиши, фуқароларнинг соғлиги ва ҳаёти муҳофаза этилишида асосий омиллардан ҳисобланади. Хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган, қонун ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга улкан ҳисса қўшаётган ички ишлар, хусусан, ЙПХ ходимлари оз эмас. Жамоатчилик намунали ходимлар ҳақида интернетда тарқалган материаллар орқали ҳам билиб олмоқда.
Шу билан бирга, вазифасини бажариш пайтида ваколатидан четига чиқаётган, хизмат фаолияти билан боғлиқ қоида ва меъёрларни яхши билмайдиган ёки амал қилмайдиган ходимлар, улар ҳақидаги фото ва видео тасвирлар ҳам интернет тармоқларида учраб турибди (Бундай ҳолат биргина ички ишлар, ЙПХ ходимлари эмас, бошқа идоралар вакиллари билан ҳам рўй бермоқда).
Ахборот олиш ва тарқатиш бу – ҳуқуқ. Ички ишлар вазирлиги ҳукумат қарорига қўшимча сифатида таклиф этаётган норма мазкур ҳуқуқнинг чекланишига олиб келиши мумкин. Конституциямизнинг 29-моддасига кўра, ҳар ким ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ жуда жиддий жиноятлар билан боғлиқ ҳолатлардагина қонун йўли билан чекланиши мумкин. Бироқ, ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирлар сайтлар ёки ижтимоий тармоқларга жойлаштирилишининг таъқиқланишини тушуниш қийин. Ахир, ЙПХ инспектори жамоатчиликнинг кўз ўнгида, ошкора тарзда хизмат вазифасини бажаради, у махфий топшириқни бажараётгани йўқ-ку!
Қолаверса, фуқаронинг ахборотни тарқатиш ҳуқуқини ЙПХ ходими қарорига боғлаб қўйиш фуқаро ҳуқуқига нисбатан ЙПХ ходимига устунлик бериш эмасми? Бундай ҳолатда ЙПХ ходимлари фуқароларга фото ёки видео тасвирга олишни чеклаб қўймаслиги, оқибатда улар ўртасида турли келишмовчилик ёки тушунмовчиликлар келиб чиқмаслигига ким кафолат беради?
Мухтасар айтганда, Ахборот технологиялари ривожланган, ахборот олиш ва тарқатиш имкониятлари кенгайган даврда чеклаш ёки тақиқлаш йўлидан юриш эмас, уларга мослашиб фаолият кўрсатишни ўрганиш тўғрироқ бўлади.
Мамлакатда ортга қайтмас тус олган очиқлик, халқ билан мулоқот, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни таъминлаш борасидаги изчил сиёсат ҳар бир ташкилотдан аввало ўзига, ходимларига нисбатан талабчанликни оширишни тақозо этмоқда. Бу албатта, ҳар бир соҳага таалуқлидир.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.