Мурожаатлар депутатлик назоратига олинди

 

Сайлов округида сайловчилар билан ўтказилаётган ҳар бир учрашувнинг натижали бўлишига ҳаракат қилмоқдамиз. Режага кўра 84-Денов сайлов округида учрашувлар ташкил этилди, тегишли масалалар ўрганилди, халқ депутатлари туман Кенгаш фаолиятига кўмаклашилди.

Жумладан, дастлаб Денов тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бўлдик. Ўзбекистон Респбуликаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 14 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 55-сонли баёни 2-банди ижроси, яъни ҳудудда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, аҳолини бандлигига кўмаклашиш, чет элга вақтинча кетган ва қайтиб келган мигрантлар, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳолати ўрганилди.

Жорий йилнинг 24 март куни ҳолатига тумандан мигрант сифатида кетганлар жами 13030 нафар ҳисобланиб, 2022 йилнинг уч ойи давомида доимий яшаш манзилига қайтиб келганлар 2051 нафар бўлиб, шундан 1885 нафари мустақил равишда банд бўлган бўлса, 13 нафари марказ томонидан ишга жойлаштирилган.

Тумандаги “Файзли” маҳалласида халқ депутатлари туман Кенгаши котибият мудири М.Абдураимов, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, мутасаддилар ва фаоллар билан учрашилди. Маҳалла ҳудудидаги 1 км.дан ошиқ ички йўлни асфальтлаш, 20 га яқин симёғочларнинг эскирганлиги масаласида мурожаат қилинди. Шу билан бирга, маҳалладаги чет элга вақтинча кетган фуқаролардан «Шарқ Юлдузи» кўчаси 15-уйда яшовчи Ш.Жўраева ва 18-уйда яшовчи М.Мингбоева хонадонларида мулоқот қилинди. Уй-жойга эҳтиёжи бўлган М.Мингбоеванинг ҳужжатлари туман Халқпарвар комиссиясига ўрганиб чиқиш учун тақдим этилди.

“Боғи шамол” маҳалласида ҳам юқоридаги маҳалла фуқаролар йиғини каби учрашув ўтказилди. Йўл қурилиши сабабли аҳоли томорқа хўжалигини суғориш учун 200 метр узунликдаги бузилган ариқни таъмирлаш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинди. Маҳаллада доимий яшовчи яқинда хориждан қайтган Н.Ҳайдаров ва ҳозирда чет элда вақтинча ишлаётган фуқаро М.Ҳайдаровлар оиласи вакиллари билан суҳбат қилинди.

Учрашувларнинг иккинчи куни тумандаги “Лолазор” ва “Тотувлик” маҳаллаларидаги муаммолар ўрганилди. Асосан ички йўлларни таъмирлаш, маҳалла биносининг мавжуд эмаслиги, тоза ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича мурожаат қилинди. Мурожаатлар тегишли ташкилотларга йўналтирилди ва депутатлик назоратига олинди.

Учрашувларда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантирш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

Халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг 57-сессиясида иштирок этилди. Кун тартибидаги масалалар маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, Кенгашда тузилган котибият фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш