Мурожаатлар жойида ҳал этилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган халқ вакилларининг ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда. Депутат Ойбарчин Абдуллаева ҳам 83-Олтинсой сайлов округида бўлиб, сайловчилар билан мулоқотда бўлди.

Хусусан, депутат томонидан Олтинсой туман сектор раҳбарлари иштирокида аҳоли учун сайёр қабул ташкил этилди. Унда сайловчилар парламент қуйи палатаси депутатига ўзларини ўйлантираётган бир қатор муаммолар бўйича мурожаат қилдилар. Жумладан, тумандаги 9-умумтаълим ўрта мактаби учун қўшимча бино қуриш масаласи кўтарилди. Ушбу мурожаат жойида ҳал этилиб, туман ҳокими назоратига олинди ва мактаб учун қўшимча бинони лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилди.

“Баркамол авлод” маҳалласига трансформатир ўрнатиш бўйича мурожаат вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилиши белгиланиб, бир ҳафта муддат ичида мазкур масала ҳал этилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, аҳоли мурожаатлари бўйича “Қизилтепа”, “Беш бола”, “Паҳлавон” ҳамда “Баркамол авлод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 60 километрлик ички кўчаларга шағал тўшаш ишлари бошлаб юборилди. “Баркамол авлод” маҳалласидаги кўчалардан бирини асфальт қилиш, ушбу маҳалладаги 14- умумтаълим мактаби учун қўшимча бино қуриш масалаларини ижобий ҳал этиш бўйича депутат томонидан тегишли чоралар белгилаб олинди. “Обод турмуш” маҳалласида яшовчи оқсоқолларнинг электр кўчаларга симёғоч ўрнатиш масаласидаги мурожаати ҳам жойида ечимини топди.

Депутат Ойбарчин Абдуллаева сайлов округида ўтказган учрашувлари давомида олис ва чекка ҳудудлардаги таълим, тиббиёт муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

 

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш