Аёл - миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади. Аёл қадрланиши билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади.
Дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, демократик тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, кўкларга кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади. Шунинг учун мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони фикримизнинг яққол далилидир. Халқ демократик партияси депутатлари Н.Каримбоева ва Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, депутат Л.Атажановалар томонидан Хива шаҳар 2-сон мактаб ишчи хизматчи аёллари билан Фармоннинг мазмун-моҳияти юзасидан суҳбат ўтказилди.
Н.Каримбоева ўз сўзида мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида ушбу фармонда қатор тадбирлар белгиланганлигини айтиб ўтди. Фармонга мувофиқ 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланади. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож, шу жумладан, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун ижтимоий уй-жойларни «Халқпарвар» комиссиялари билан келишган ҳолда иккиламчи уй-жой бозоридан сотиб олишга рухсат берилиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилиши, Хотин-қизларга ўз томорқасида гул ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши, 2022 йил 1 июндан бошлаб маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилиниши ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Шунингдек суҳбат давомида Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби мазмун моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тушунча берилди. Суҳбат савол-жавобларга бой тарзда якунланди.