Депутатнинг меҳри тушган маскан

 

Саховатпеша халқимиз ёши улуғларни ардоқлаб, якка-ёлғиз ва муҳтожларга мурувват кў‌рсатиб келган. Бундай инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистон ХДП фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Ушбу масалалар партиямиз депутатларининг ҳам доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Андижон шаҳрида жойлашган "Саховат" интернат уйи баҳаво ҳудудида жойлашган. Бугунги кунда мазкур масканда 102 нафар ёрдамга муҳтож якка-ёлғизлар - 67 нафар эркак ва 35 нафар аёл истиқомат қилади. Улар учун етарли шароит яратилган. Шинам хоналар телевизор, музлаткич ва бошқа маиший техникалар билан жиҳозланган. Беш маҳал овқат, жисмоний тарбия машғулотлари учун спорт зали, малакали тиббий хизмат йўлга қўйилган. Партиямиз электорати вакиллари ҳисобланмиш ушбу интернатда яшовчиларга Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгаши, фаоллари ва партиядан сайланган депутатлар ғамхўрлик қилиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенко ҳам бу савоб ишдан четда қолмаган. Аслини олганда, у Андижон давлат университетида ишлаб юрган пайтлардан бошлаб бу ердагиларга меҳр қўйган. Университет талабалари билан обондонлаштириш ишларини уюштириш, талабалар театри томонидан концертлар ташкил этиш, хайр-эҳсон тадбирларини ташкиллаштириш депутат Е.Бабенко томонидан 10-12 йиллар олдин бошланган.

Албатта, "Саховат" уйидаги олдинги ва бугунги шароит тубдан фарқ қилади. Лекин одамлар бугун ҳам меҳрга ташна. Табиатан ўзгалар муаммолари ва заруратларига бефарқ бўлмаган депутатимиз ҳар гал Андижонга келганида "Саховат" уйига албатта ташриф буюради. Бугун ҳам шундай бўлди. У муассаса раҳбарияти ва бу ерда истиқомат қилувчилар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди. Яратилган шароитлар билан танишди.

Депутат Елена Бабенко олдинги сафар келганида аёллардан бири тикувчиликка қизиқиши, тикув машинаси бўлса муассасадагиларга кийим-кечаклар тикиб беришини, хоҳловчиларни тикувчиликка ўргатиш нияти борлигини айтганди. Халқ вакили бу гапни кўнглига тугиб қўйган экан, ўз ҳисобидан сотиб олган замонавий тикув машинасини бугун эгасига топширди.

Сайлов округидаги учрашувлар давомида депутат Е.Бабенко шаҳардаги таълим, тиббиёт муассасаларида ҳам бўлди ва уларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганди.

 

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш