Бандликни таъминлаш – долзарб масала

 

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган дастурларни амалга ошириш, мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш, ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунинг билан бирга, фуқароларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари бандлигини таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Албатта, бандлик ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижросининг бекаму кўст таъминланишида жамоатчилик назоратининг муҳим ўрни бор. Шу маънода олганда, Ўзбекистон ХДП Боёвут туман кенгаши фаолиятида ушбу масалага доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Шунинг билан бирга, ўзини ўзи банд қилиш, касб-ҳунарга қайта ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасида олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун яратилган шароит ва имкониятлар хусусида жойларда доимий равишда тарғибот тадбирлари ўтказиб келиняпти.

Хусусан, туманнинг “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида шундай тадбир ўтказилди. Унда Боёвут тумани ҳокими ўринбосари Сарвар Қобулов, ЎзХДП туман Кенгаши масъул ходимлари ва депутатлари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси иштирок этиб, қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёз ва афзалликлар ҳақида йиғилганларга маълумотлар бердилар. Асосан, ёшлар ва хотин-қизлардан иборат давра суҳбати иштирокчиларига ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик фаолияти бўйича бир қанча йўналишларда тавсиялар берилди.

Тадбир якунида ишсиз ёшлар ва хотин-қизлардан 20 нафари деҳқончилик, касаначилик, тикувчилик, чорвачилик йўналишларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида эканини маълум қилдилар. Мутасаддилар уларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлаш ва амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

 

Ўзбекистон ХДП Боёвут туман кенгаши

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш