Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумига юқори даражада тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлиб, очиғи, жуда хурсанд бўлдим.
Беихтиёр бир вақтлар янги ўқув йили бошланиши ҳамоноқ фарзандини мактаб партасига эмас, пахта даласига жўнатган биз, ўзбекистонликларнинг яқин ўтмишдаги ҳаёти кўз ўнгимда гавдаланди.
Айниқса, қишлоқда ўсганлар яхши билади. Йил-ўн икки ой ўқитувчиларимиз, тиббиёт ходимларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг асосий “ҳашарчи”лари бўлишарди. Ҳар ким ўз ишини қилиши керак бўлган жамиятда адолат мезони ўзгариб, мувозанат бузилаётган эди. Бу эса, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига путур етказар, ҳукуматимиз мажбурий меҳнатдан фойдаланилган пахтани деб таъна-дашномлар остида қолар эди.
Ортиқ бундай хўрликлар, чекловларга чидаб бўлмасди.
Шундай бир мураккаб паллада Президентимизнинг қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилиш, соҳага бозор иқтисодиёти тамойилларини амалда жорий этиш, пахтачиликда тўлиқ кластер тизимига ўтишга қаратилган тарихий қарорлари қабул қилинди.
Асосий эътибор пахта хом ашёсидан кўра кўпроқ фойда келтирадиган озиқ-овқат ва озуқабоп экинлар экилишига қаратила бошланди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси масъулларига ташқи бозорда талабгир маҳсулотларни етиштириш лозимлиги, пахтачилик билан эса даланинг эгаси бўлган деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар ҳамда кластерлар машғул бўлиши, пахтадан илгаридан қолиб кетган “стратегик хомашё” тамғасини олиб ташлаш вақти келгани лозимлиги бўйича топшириқлар берилди.
Бу эса нафақат мамлакат қишлоқ хўжалигида, балки соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги мутахассислар ҳаётида чинакам янгиланишларга сабаб бўлди.
Ислоҳотларнинг янги даври бўлмиш охирги олти йилликда ўқитувчи ўқитувчилигини, шифокор шифокорлигини қиладиган бўлди, пахтадан том маънода "сиёсий экин" туси олиб ташланди. Шу билан бирга, пахтани экспорт қилиш ўрнига, толани ўзимизда ишлатиб, тайёр мато ва кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича мисли кўрилмаган натижаларга эриша бошладик.
Очиғини айтиш керак, 12 йил давомида амалда бўлган таъқиқни олиб ташлаш, сўнгги йилларда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаётганини исботлаш осонликча бўлгани йўқ. Бунинг учун аввало, бойкот эълон қилган ташкилот илгари сурган муаммо мавжудлиги очиқ тан олинди. Муаммони кўриб туриб кўрмаслик, бошқа важ ва баҳоналар билан хаспўшлаш тенденциясидан бутунлай воз кечилди.
Шахсан Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли пахта саноатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ чек қўйилишига эришилди ҳамда мамлакатда мажбурий меҳнатга нисбатан тоқатсиз муҳит шаклланди. Шуларни инобатга олган "Cotton campaign" халқаро коалицияси томонидан ушбу бойкот яқинда бекор қилинди.
Галдаги вазифамиз — янги Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига илгаридагидек пахта хомашёсини сотадиган эмас, ўзимизга хос, айни пайтда дунё мамлакатларидаги истеъмолчилар диди ва талабига мос тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқара оладиган мамлакатга айланганини кўрсата олишдан иборат.
Тошкент Форуми эса бу борадаги салоҳият ва имкониятимизни бор-бўйича намойиш эта оладиган майдонга айлангани айни ҳақиқат.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.