Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ишлари такомиллаштирилади

 

Маълумки, мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Бу жараён билан боғлиқ нормалар асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган. Хусусан, кодексда кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши каби ҳолатлар давлат рўйхатидан ўтказилиши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, бугунги кунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида амалга оширилмоқда.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш масалаларини тартибга солувчи қонунчилик ўрганиб чиқилганда, мазкур соҳада меъёрий-ҳуқуқий негиз тарқоқ эканлиги, ҳар хил кучга эга бўлган қоидалардан иборат меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, бир-бирига зид ва ўзаро мос келмайдиган меъёрлар мавжудлиги маълум бўлди.

Шу боисдан, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати пайдо бўлди. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш соҳага доир қоидаларнинг ўзаро мувофиқлаштирилмаган нормаларини бартараф этиш имконини яратади, атамалар ҳамда тушунчаларнинг бир хиллигини таъминлайди.

Қонун лойиҳаси 11 та боб ва 78 та моддадан иборат бўлиб, унда соҳага оид тушунчалар, ваколатли органлар, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш, маълумотлар тақдим этиш тартиби, ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар ва хусусиятлари, рўйхатдан ўтказувчилар мақоми, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, низоларни судгача ҳал этиш, жавобгарлик ва кафолатлар каби бир қатор муҳим меъёрлар ўз ифодасини топган. Хусусан, лойиҳада ер ҳисобини юритишда ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кетма-кетлигини белгилаш таклиф этилмоқда. Бу билан Ер кодексига мувофиқ аввалмбор ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиши, кўчмас мулк билан битим тузилишига қадар унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланади.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида ушбу – “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, бир овоздан маъқулланди.

Йиғилишда «Давлат қарзи тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги, «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги ҳамда «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, электорат манфаати нуқтаи назаридан муносабат билдирилди ва маъқулланди.

Йиғилишди Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига доир масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш