Аҳоли бандлигини таъминлаш партиямиз эътиборида

 

Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш дастурлари ижросини таъминлашда янги иш ўринлари ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг баробарида, барқарор даромад манбаи бўлган иш ўринлари яратиш орқали жамиятдаги кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш мумкин. Шу боисдан, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш партиямизнинг устувор мақсадларидан бири сифатида белгилаб олинган. Сайловчилар билан навбатдаги учрашувларимиз давомида Жиззах шаҳрида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишдик, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўргандик.

Хусусан, шаҳарнинг “Олмазор” ва “Зилол” маҳалла фуқаролар йиғинларида хизматлар соҳасини ривожлантириш, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ўрганилди. Учрашувларда 85 нафардан зиёд фуқаролар билан суҳбатлашилди, жами 55 та турли мазмундаги мурожаат қабул қилинди. Шундан 5 та республика ҳамда 10 та вилоят миқёсида ҳал этиладиган масалаларга ажратилиб, 40 та турли хил мазмундаги мурожаатлар мутасаддилар иштирокида ҳал этилиши белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Бандликни таъминлаш масаласини “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ўрганганимизда, биргина жорий йилнинг феврал-март ойларида жами 40 нафар фуқарога тижорат банкларидан кредитлар олиб берилиб, улар ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Жумладан, Чаманзор кўчаси, 58-уйда яшовчи Урол Исломов иссиқхона қуриш учун 8 миллион сўм кредит олиб, 2 сотихли майдонга бодиринг эккан, қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйган. Фуқаро Ихтиёр Икромов эса банк кредити эвазига тикувчилик цехи ташкил этган. Ҳозирда 20 та иш ўрни яратилган мазкур хусусий корхонада болалар сумкалари тикилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.

Бу борадаги ишлар “Зилол” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам яхши йўлга қўйилган. Энг муҳими, одамларда интилиш, тадбиркорлик келажагига ишонч бор. Шу сабабли, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этаётган юртдошларимиз сони тобора ортиб бормоқда. Уларнинг бу ҳаракатлари эса давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, зарур бўлган барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бу эса албатта, ижобий натижалар бериши шубҳасиз.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш