Лойиҳа доирасида тиббий кўрик (видео)

Ўзбекистон ХДП Наманган туман кенгаши томонидан хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, турли хил касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида мутахассис шифокорларни жалб қилган ҳолда маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги аёллар, болалар ва пенсионерлар “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳаси доирасида тумани Тиббиёт бирлашмасида бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

Наманган туманидаги “Ибрат”, “Хўжақишлоқ”, “Чорбоғ”, “Катта Тошбулоқ”, “Чағир” маҳаллаларида истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га киритилган ва кам таъминланган оилалар аъзолари бўлган 42 нафар хотин-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар маммолог, онколог, гинеколог, педиатр, офтольмолог, стоматолог, нервпатолог, кардиолог, ортопед, УТТ тиббий текширувидан ўтдилар ҳамда тиббиёт вакиллари томонидан аниқланган касалликлар бўйича 22 нафар аёлга амбулатор даволанишга тавсия, 2 нафар хотин-қизга бепул даволанишлари учун йўлланма ҳамда 18 нафар аёлга тегишли кўрсатмалар берилди.

Тиббий кўрик ўтказиш билан бирга, ҳозирги вақтда кенг тарқалган диабет, онкологик, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, профилактика қилиш ва даволаш усуллари, соғлом турмуш тарзи ва фаол жисмоний ҳаракатнинг инсон саломатлигига ҳиссаси тушунтирилди.

Шунингдек Ўзбекистон ХДП Наманган туман кенгаши раиси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Умиджон Солиев, Тиббиёт бирлашмасидаги БПТ раиси Санобар Қодировалар ҳам беғараз донорлик орқали қонга муҳтож бўлган кишиларга кўмак бериш мақсадида республика даражасида ўтказилаётган “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” акциясида фаол иштирок этиб, ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшдилар.

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгашининг келгусида амалга оширадиган режасига мувофиқ, вилоятнинг барча туманларида ҳам мазкур лойиҳа доирасида аҳолини кўрикдан ўтказишга кўмаклашиш кўзда тутилган. Жойларда ўтказилаётган бу каби тиббий кўриклар турли касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида самарали даволашга катта ҳисса қўшади, деб умид қиламиз.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш