Депутат сайловчиларни ўйлантираётган, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни ўз ваколатларидан фойдаланиб, уларни ҳал этишга мутасадди ва ташкилотлар эътиборини қаратади, одамларнинг яхши-ёмони билан яшайди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларида ҳар бир депутат фаол бўлиши, зиммасидаги вазифаларни бажаришга интилиши зарур.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувлари шунинг учун масъулиятлидир. Ўтган ҳафта парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ўз сайлов округларида бўлиб, жамоатчилик вакиллари билан мулоқот ўтказиб қайтди.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
(86-Узун сайлов округи)
Депутат учрашувлар давомида Узун туманида олиб борилаётган ишлар билан танишди, “Янги йўл” маҳалласида ташкил этилган сайёр қабулда қатнашди. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида турли масалалар аниқланди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га кирганларнинг 52 нафарига 15 сотихдан ер ажратилди. Майрам Шукурова фарзандларига уй-жой олиб бериш бўйича мурожаат қилди, масала назоратга олинди.
Нилуфар Қодирова олийгоҳда ўқиётган ўғли Илҳом Жумаевнинг шартнома пулини тўлаб бериш масаласида ёрдам сўради. Рохобза Жолматова “Тинчлик” ва “Шодлик” кўчасида сув муаммоси борлиги айтди, унга бюджет лойиҳаси орқали балл тўплаш тушунтирилди. “Янги йўл” МФЙ раиси Мурод Нозимов қабристон учун ер ажратиш масаласини кўтарди.
“Қарашиқ” маҳалласида ўтказилган учрашувда ҳам сайловчилар ўзларини ўйлантираётган масалаларда мурожаат қилишди. Хусусан, зах ерларни дренаж қилиш, 2018 йил дастурга киритилган 1 дона трансформатор, бетон “столба”, электр симлар туман электр тармоғи томонидан қўйилмай келаётгани, ҳудуддаги янги қурилган намунавий уйлар узоқда бўлгани учун у ердаги аҳолидан хабардор бўлишда қийинчилик туғилаётгани баён этилди. Мурожаатлар депутат томонидан назоратга олинди.
Шунингдек, депутат туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Жончекка” ОШП ва 75-оилавий поликлиникасидаги шароитлар билан танишди.
“Жончекка” ОШП 5590 нафар аҳолига хизмат қилади. Тиббиёт муассасаси ўтган йили жорий таъмирдан чиқарилган бўлиб, интернет тармоғи, узлуксиз электр энергияси, ичимлик суви билан таъминланган. 2 нафар оилавий шифокор ва 14 нафар мутахассис фаолият олиб боради. ОШПда бугунги кунда ЭКГ, отоскоп аппаратлари муддати ўтгани туфайли ишлашга яроқсиз бўлиб қолган. Лабораторияда фотоэлектроколораметр (ФЭК), бинокуляр микроскоп, центрафуга ускуналари ишлаб турибди. 74-турдаги дори-дармон билан таьминланган. Бевосита беморлар ОШПнинг 1-ёрдамини олмоқда ва кундузги стационарда даволанмокда. ОШП мудири ва УАШ шифокорлар маҳаллага ҳар ой хисобот бериб бораётгани, доимий ҳамкорлик йўлга қўйилгани маълум қилинган.
Ўрол ЎРАЗБОЕВ,
(37-Шароф Рашидов сайлов округи)
Депутат ўз сайлов округи ҳудуди бўлган Шароф Рашидов туманидаги “Халқобод” ҳамда “Пастки Сулоқли” маҳалласида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” юритилишини ўрганиб, ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишди. Фуқаролардан тушган мурожаатлар кўриб чиқилди. Республика ва вилоят миқёсида ҳал этиладиган 30 та масала алоҳида ажратилиб, қолган 35 таси ечими бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди. Сайловчилар билан учрашувлар давомида ушбу маҳаллалар ҳудудида ташкил этилган янги иш ўринлари билан ҳам танишилди.
Шунингдек, депутат Жиззах шаҳрида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари билан ўтказилган учрашувда сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар, “Олмазор” ва “Зилол” маҳалласида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. 100 нафарга яқин сайловчи билан суҳбат ўтказилиб, турли мазмундаги 55 та мурожаат қабул қилинди.
Жорий йилнинг февраль-март ойларида 40 нафар фуқарога тижорат банкларидан кредитлар берилган. “Чаманзор” кўчаси 58-уйда яшовчи фуқаро Ўрол Исломов иссиқхона қуриш учун 8 миллион сўм кредит олиб, 2 сотихли майдонга бодринг экибди, бундан ташқари, уйининг бир хонасида қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйиб, ўтган икки ойда ўртача 5 миллион сўм даромад топибди. Депутат ўз ишини йўлга қўйган хонадонларни айланиб, қандай масалаларда ёрдам кераклиги билан қизиқди.
“Зилол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тожибой Пардаев, ҳоким ёрдамчиси Шавкат Каримов бўлиб, оилалар сони 2892 та, пенсионерлар 578 нафар, ногиронлиги бўлган шахслар 54 нафарни ташкил этаркан. Маҳалла фуқаролар йиғини биносидаги 1 та хонада фуқаро Севара Ҳайитжонова тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, 33 миллион сўм кредит олиб, 5 та тикув машинасини харид қилиб, 5 та янги иш ўрни ташкил этибди. Депутат маҳаллада ана шундай иқтисодий фаол фуқароларни кўпайтириш бўйича мулоқот ўтказди.
Дилором ИМОМОВА,
(133-Шахрисабз сайлов округи)
ЎзХДП фракцияси аъзоси тумандаги мактабгача таълим бўлими фаолияти билан танишиб, у ердаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Масала шундаки, ташкилотнинг муқим биноси мавжуд эмас. Бугунгача турли муассасаларда кўчиб юрилгани, ҳатто ҳозирги жойлашган манзилдан ҳам чиқиб кетиши кераклиги ходимлар учун ноқулайлик туғдирмоқда. Депутат бу масалани назоратга олди.
Депутат хонадонларга бориб, фуқароларнинг турмуш тарзи билан қизиқди. Аҳоли вакиллари саломатлигини тиклаш, тиббий операциялар учун маблағ масалаларида мурожаат қилишди. Улар эътиборга олиниб, зарурий ёрдам кўрсатилди.
– Бугун нафақат ҳудудларда, балки одамларнинг кайфиятида ҳам ўзгариш кузатилмоқда. Ҳар ойнинг охирги ҳафталарида сайловчилар билан учрашар эканмиз, бунга ўзимиз гувоҳ бўляпмиз, – дейди депутат. – Боиси, шахсий муаммолар, ҳудудлардаги ечим кутаётган масалалар камайиб бормоқда. Мутасаддиларнинг жавобгарлиги, масъулияти ҳам ортиб боряпти. Чунки, уларнинг ҳисобдорлиги кучайтирилган. Тўғри, республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар бўйича мурожаатлар бор, улар бўйича хат чиқариб, давлат дастурига киритиш, ҳомийларни жалб этиш ишлари амалга оширилади. Муҳими, сайловчилар билан учрашувлар шунчаки хўжакўрсинга эмас.
Шоҳиста ТУРҒУНОВА,
(51-Чортоқ сайлов округи)
Фракция аъзоси сайлов округи ҳудудидаги ёшлар билан учрашди. Улар ўзларини ўйлантираётган масалалари билан мурожаат қилишди. Хусусан давлат хусусий шерикчилиги асосида сунъий қопламали стадион қуриш, тикув машинаси олиш, таълим контрактини тўлаб бериш, кредит ажратиш, ишга жойлашиш каби масалалардаги мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Қолганлари бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда ёшлар етакчиси ва ҳоким ёрдамчиси вазифалар белгилаб олди.
Шунингдек, депутат тумандаги "Дўстлик" маҳалласида кам таъминланган оилалар учун кўп қаватли уйлар қурилишини кўрди ва қурувчилар билан суҳбатлашди. “Бешкапа” МФЙ ҳудудидаги "Бешкапа саноат зонаси" қурилиши билан танишди. Қурилиши тамомлаб ишга туширилган "Мастер Техтил Чортоқ" МЧЖ фаолиятини ўрганди. Ишчилар билан суҳбатлашди. Ойлик иш ҳақлари билан қизиқди. МЧЖда 60 та янги иш ўрни яратилган. Навбатдаги манзил "Анортоғ" наслчилик бўрдоқичилик фермер хўжалигида бўлди. Фермер хўжалигида 700 бош қорамол боқилаётгани ва 400 нафар фуқарони иш билан таъминлаш мақсадида қурилаётган фабрика қурилиши билан танишди. Аҳолини томорқадан самарали фойдаланишини кўриш мақсадида “Кесканёр” маҳалласида яшовчи Х.Мўминов хонадонида бўлди. Шу маҳаллада Чортоқ тумани ҳокимининг ёшлар билан учрашувида иштирок этди, ёшларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.
Депутатнинг 2021 йил декабрь ойидаги сўровномасига асосан “Кесканёр” маҳалласида эски электр сим ёғочлари бетон сим тўсинларига алмаштирилган бўлиб, одамларнинг розилиги сўралди.
Елена БАБЕНКО,
(21-Истиқлол сайлов округи)
Депутат Андижон шаҳрида жойлашган "Саховат" интернат уйида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди. 1, 2 ва 3 кишига мўлжалланган яшаш хоналари, даволаниш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун тиббий хизмат ва жисмоний тарбия хоналари ташкил этилган. Муассаса ҳовлиси кенг ва обод бўлиб, турли дарахт ва майсалар тоза ҳавода мириқиб дам олишга ундайди.
Саховатпеша халқимиз ёши улуғларни ҳамиша ардоқлаб, якка-ёлғиз ва муҳтожларга мурувват кўрсатиб келган. Якинда Президентимиз томонидан имзоланган нуронийларга меҳр кўрсатишга каратилган Фармон ҳам бунинг ёрқин исботидир.
Бугунги кунда у ерда 102 нафар ёрдамга муҳтож якка-ёлғизлар истиқомат қилади. Шинам хоналар телевизор, музлатгич ва бошқа маиший техникалар билан жиҳозланган. Беш маҳал овқат, жисмоний тарбия машғулотлари учун “тренажёр” зали, малакали тиббий хизмат йўлга қўйилган. Интернатда яшовчиларга ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ва партиядан сайланган депутатлар ҳам ғамхўрлик қилиб келишмокда.
Елена Владимировна ҳар гал Андижонга келганида "Саховат" уйига, албатта, кириб ўтаркан. Бу гал ҳам шундай бўлди. Муассаса раҳбарияти ва у ерда истиқомат қилувчилар билан учрашиб, суҳбатлашди. Олдинги сафар келганида аёллардан бири тикувчиликка қизиқиши, тикув машинаси бўлса, шу ердагиларга кўйлаклар тикиб бериш, хоҳловчиларни тикувчиликка ўргатиш нияти борлигини айтгани эсида қолган экан. Депутат замонавий тикув машинаси сотиб олди ва совға сифатида ўша аёлга топширди.
Дилбархон МАМАДЖОНОВА,
(112-Водил сайлов округи)
Депутат Фарғона туманида “Ёрдон” маҳалласи аҳолиси билан учрашув ўтказди. Маҳалладаги тиббиёт маскани, мактаблар ва мактабгача таьлим ташкилотлари фаолияти ўрганилди. “Шоҳимардон” қишлоғидаги учрашувлар мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, оилавий поликлиника ва бошқа ташкилотларда бўлиб ўтди. Ҳоким ёрдамчилари депутатга ҳамроҳлик қилди.
Ўтган йиллар давомида Шоҳимардон аҳолисига керакли шароитни яратиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Айниқса, сўнгги йиллар давомида ҳудудда ички туризм ривожланди, ҳозирда Шоҳимардонни аввалги ҳолига қайтариш, керак бўлса, йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳлар оқимини таъминлаш учун катта ишлар олиб борилмоқда.
Илгари қишлоқда шароит у даражада яхши эмасди, бугун эса одамларнинг юзида қувонч, кейинги йиллардаги ўзгаришлардан хурсанд. Шоҳимардонликлар учун яшаш шароитини яхшилаш катта меҳнат эвазига юзага келган, чунки аҳолининг ҳаётдан розилиги ва кайфияти муҳим аҳамиятга эга.
– Инсон тирик экан, ҳаётини янада яхшилаш, камчиликларга барҳам бериш ва ўз ҳаётида янгича ўзгаришлар доимий бўлишини истайди, – дейди депутат. – Бу табиат қонуни. Аҳоли томонидан айрим камчиликларни ўрнида бартараф этиш зарурлиги юзасидан таклифлар билдирилди. Хусусан, Шоҳимардон ҳамда Ёрдон маҳалласидаги мактабда спорт майдончасини қуриш, тиббий шифохона қошида туғруқ бўлимини очиш, қўшимча иш ўринлари яратиш масалаларида мурожаатлар бўлди. Албатта, биз маҳаллий мустасаддилар билан бирга, мурожаатларни ижобий ҳал этиш чораларини кўрамиз.
Ойбарчин AБДУЛЛАЕВА,
(83-Олтинсой сайлов округи)
Олтинсой туманида депутат ва сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқаролар ўзларини ўйлантириб келаётган таклиф ва мурожаатлари билан қатнашди. Кўплаб масалалар жойида ҳал этилди. Хусусан, тумандаги 9-мактабга қўшимча бино қуриш, ер ажратиш масаласидаги мурожаат ўз ечимини топди. Туман ҳокими томонидан назоратга олиниб, мактабни лойиҳалаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Сайловчилар мурожаатига асосан “Баркамол авлод” маҳалласига трансформатор ўрнатиш масаласи ҳам вилоят электр тармоғи томонидан бир ҳафта ичида ҳал этиладиган бўлди.
Шунингдек, “Қизилтепа”, “Беш бола паҳлавон”, “Баркамол авлод” маҳалларида ички кўчаларни таъмирлаш ишлари бошланди.
“Баркамол авлод” маҳалласи Навбаҳор кўчасидаги 1 км йўл асфальт қилиш учун дастурга киритиш таклифи берилди ва депутат назоратига олинди. Шу билан бирга, маҳалладаги 14-умумтаълим мактабига қўшимча бино қуриш масаласини туман сессияси кун тартибида кўриб чиқиш масаласи кўтарилди.
“Обод турмуш” маҳалласи оқсоқоллари томонидан 5 дона электр сим ёғоч сўраб қилинган мурожаат жойида ечим топди. Маҳаллага сим ёғочлар етказиб берилди.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
90-Бўстонлиқ сайлов округи
Депутат "Ғазалкент-Ойна" МЧЖ корхонаси ишчилари билан учрашувда уларни безовта қилаётган масалани ўрганди. Корхона касодга учрагач, акцияларга пул тўланмагани ёки иш даврида ногирон бўлиб қолган фуқароларга товон пули тўланмаётгани бўйича ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, мутасаддиларга хат чиқариладиган бўлди. Бу хақда туман ҳокимига ҳам маълумот берилди ва назоратга олиниши бўйича гаплашиб олинди.
Чорвоқ посёлкаси “Нурчилар” маҳалласида яшовчи ногиронлиги бор аёл Гулнора Эшонқулованинг уйига борилди. Аёл “Фазонгир” маҳалласидаги 13/5 сонли 1-хонали уйни хусусийлаштириб бериш тўғрисида мурожаат қилди. МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, участка профилактика инспектори чақиртирилиб, биргалашиб ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Туман ҳокими билан учрашиб, “Қизил-су” маҳалласида ичимлик суви, электр тармоқларининг носозлиги, болалар боғчаси қуриш, тиббиёт муассасаси биноси таъмирланиши, ички йўлларни таъмирлаш, “Қаробай”, “Гулобод”, “Қараманас” маҳаллаларига бино қуриш, чорва моллари учун яйлов ажратиш масалаларида гаплашиб олинди.
Туман тиббиёт бирлашмаси 283 ўринли бўлиб, шундан педиатрик ўринлар 38 тани ташкил этади. Бўлимда 2 нафар шифокор 2,5 ставкада ишлайди, кечки навбатчиликда ставка йўқлиги учун шифокор қолмайди. Юқумли касалликлар бўлимида 25 та болалар ўрни мавжуд бўлиб, 2,75 ставкада инфекционист ишлайди. Реанимация, педиатр, интенсив терапия пости мавжуд эмас. Тез шошилинч ёрдам бўлимида 10 та педиатрик ўринлар мавжуд, 5,25 ставкада 14 та педиатр туну кун навбатчилик қилади. Умумий реанимация бўлимида 2 та болалар реанимацияси мавжуд. Депутат бу йўналишдаги ечимини кутаётган масалалар бўйича таклиф ва имкониятларни ҳам ўрганди.
Учрашув, мулоқот ва ўрганишлар икки-уч кунда ўтади. Катта-кичик маълумотлар тўпланади, жадваллар ҳам тўлдирилади. Лекин бу асосийси эмас, муҳими, депутатлар жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлиб, мурожаатларни ҳал этиш, қонуний ечим топиш истаги билан ишлашида. Бошқача айтганда, парламент аъзосининг қалби округда бўлиши жоиз.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади, бутун жамиятимиз уйғоқ бўлади”.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 30.03.2022, №12-13