Тарихий илдизларимиз бир, орзу-интилишларимиз муштарак

 

Тили, тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак бўлган Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги қардошлик, дўстлик алоқалари узоқ ўтмишдан буён давом этиб келмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, икки давлат ўртасида из йиллар муқаддам узилиб қолган ришталар қайта тикланди. Юртимиз истиқлолини катта мамнуният билан кутиб олган Туркия Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олди.

Бу йил эса Ўзбекистон ва Туркия республикалари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил, Стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжат имзоланганига 5 йил тўлди. Халқларимизнинг орзу, истаклари ўлароқ, давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар тобора ривожланиб бормоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан сўнг икки давлат раҳбарлари ўртасида олий даражадаги кўплаб учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу учрашувлардан эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар икки қардош давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларнинг изчил ривожланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳозиргача давлатларимиз ўртасида иқтисодиёт, савдо, маданият, туризм, транспорт ва бошқа соҳаларга доир 123 та ҳужжат имзоланган бўлиб, улардан 12 таси давлатларо, 56 таси ҳукуматлараро, 21 таси идоралараро ва қолган 34 таси ўзаро ҳамкорликка хизмат қилувчи бошқа йўналишлардаги ҳужжатлардир.

Шуни ҳам қайд этиш керак, Туркия Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Биргина ўтган 2021 йилда давлатларимиз ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 3,4 млрд долларни ташкил этгани, юртимизда турк сармояси иштирокидаги 1912 та комания фаолияти юритаётганини фикримизга мисол сифатида келтириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 29-30 март кунлари мамлакатимизга расмий ташрифи давомида имзоланган бир қатор икки томонлама ҳужжатлар ҳамда савдо, инвестициялар, инновациялар, парламентлараро, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма кооперация лойиҳалари, маданий-гуманитар алмашинув дастурлари борасидаги келишувлар икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳамда делегациялар ўртасида ўтказилган музокараларда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, стратегик шериклик муносабатлар даражасини юксалтириш, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар шерикликни, шу жумладан савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилиниб, бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, Давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённома, Меҳнат ва бандлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми, Суд экспертизаси соҳасида ҳамкорлик меморандуми, Қурилиш соҳасида англашув меморандуми, соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан Туркиянинг “Анадолу” агентлиги ўртасида Ҳамкорлик битими шулар жумласидандир. Мазкур эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши таъкидланди.

Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг юртимизга ташрифи доирасида мамлакатимиз энергетика соҳасида муҳим воқеа – Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Туркиянинг «Cengiz Enerji» компанияси томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Қайд этиш керак, ўтган бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистонда 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга ошилди. Ушбу станцияларнинг умумий қуввати 1,4 минг мегаватни ташкил этиб, бу омиллар иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Мухтасар айтганда, Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия президентлари ўртасида бўлиб ўтган Олий даражадаги учрашувда эришилган келишувлар, томонлар ўртасида имзоланган ҳужжатлар тили, дили бир бўлган халқларимиз ўртасидаги қардошлик ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга, давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада изчил ривожланишига хизмат қилади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш