Мингбулоқда мустақиллик имкониятлари кенг қулоч ёймоқда

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 июлда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида аҳоли кенг қатламлари ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, уларда олимлар, санъат намоёндалари ва ижодкор зиёлиларнинг иштирокини таъминлаш, мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти аниқ мисоллар асосида тараннум этиш вазифаси ҳам белгиланганди.

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ташаббуси билан туман ҳокимлигининг катта мажлислар залига жам бўлган мингбулоқлик жамоатчилар, фаол ёшлар ва хотин-қизлар вакилларини ҳам давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори байрам мулоқотига чорлади. Истиқлол ва унинг қадр-қиммати нақадар улуғ эканлиги ҳаётий мисоллар билан айтиб ўтилди. Ёши улуғ кексалар мустақилликдан олдинги даврнинг қийинчиликлари ҳақида ёшларга сўзлаб беришди.

Фаол тарғиботчи, партия фаоли Мўътабар Қозиеванинг фикрига кўра, Мингбулоқ тумани яқин йилларга қадар Задарё номи билан юритилар эди. Ўзига хос табиий географик иқлим шароитларидан келиб чиқиб, эндиликда туман номи Мингбулоқ деб юритилмоқда. Аммо бу нефть конларига нисбатангина жорий этилган ном эмас. Бу ном жарангида туманда истиқомат қилувчи кўпмиллатли аҳоли вакиллари орасидан интеллектуаллик қобилияти юксак, янги-янги истеъдод булоқларининг кўз очаётганига ҳам ишора бор.

Терак қишлоғилик Дилором Мўминова НамДУнинг мусиқий таълим йўналишида таҳсил олиб, ўтган йилдан тумандаги 4-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчилик фаолиятини олиб бормоқда. У ёш истеъдодларнинг бири сифатида бадиий ижоддаги астойдил интилишлари билан пойтахтдаги устоз ижодкорлар эътиборига тушди. Болаларга бағишланган ўйноқи сатрлардан иборат шеърлари “Анжир сайли” номи билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди томонидан молиялаштирилиб, “Адиб” нашриётида кўпминг нусҳада чоп этилди.

Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳима Жўраеванинг инглиз ва немис тилларини ўқитиш технологияси бўйича педагогик изланишлари соҳа мутасаддилари томонидан мамлакат миқёсида оммалаштирилган бўлса, шу туманда вояга етган Элёр Набижонов бугун Япониядаги йирик компанияда, Дониёр эса Германияда илмий изланишлар олиб бормоқда.

– Мустақиллик менинг тақдиримда ўзгача зийнатлар билан ёғдуланмоқда, -дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, инглиз тили муаллимаси Муҳаббат Раҳмонова. – Орзу-ниятларимизга етишиш, истеъдодларимизни тўлиқ намоён этиш учун барча шароитлар яратилган. Бугунги ёшлар имкониятлар етарли, тинч ва фаровон юртда яшаб, таълим олаётганидан, энг асосийси, ана шу юртнинг азиз фарзандлари эканлигидан фахр-ифтихор туйғулари билан яшамоқда. Шунга жавобан биз ҳам Ватанимиз тақдирига дахлдорлик билан яшаб, унинг ривожи, янада юксалиши учун ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Туман бош меъмори Сарварбек Исмадиёров мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллиги байрамига тараддуд Мингбулоқ туманида ҳар қачонгидан ҳам қизғин эканлигини ҳам таъкидлаб ўтди. Байрамгача 30 дан зиёд ижтимоий объектлар янгитдан қурилиб ишга туширилади. Биргина “Обод марказ” давлат дастури асосидаги қурилиш- таъмирлаш ишларига умумий ҳисобда 80 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Шунингдек, ҳудуддаги 4, 5 ва 3-мактабгача таълим муассасаларида, “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғида, 14-умумтаълим мактабида, янгитдан барпо этилаётган “Хотира хиёбонида” поёнига етаётган бунёдкорлик ишларидаёқ аҳоли мамнуниятини, ғайрат –шижоат омилларини кўриш мумкин.

“Абдулазиз полвон ота” хусусий корхонаси томонидан барпо этилаётган замонавий тиббий клиника, тадбиркор Бахтиёр Ёқубов ташаббуси билан қурилаётган хусусий кўз клиникаси ёки Марҳабо Қозоқова, Мунаввар Болтабоева, Адҳамжон Аҳмедов сингари сармоядор тадбиркорлар ташаббуси билан қурилаётган замонавий типдаги 3 қаватли хусусий стомотология поликлиникаси, савдо маиший хизмат мажмуалари туман маркази бўлган Жомашўйнинг қиёфасини батамом ўзгартириб юбораётгани кўзга ташланиб қолди.

Умумий қиймати 2,5 миллиард сўмлик бўлган 11 километрлик ичимлик суви линиясининг фойдаланишга топширилиши, Ўрмонов, Озодлик, Бўстон кўчалари асфальтланиб, замонавий тунги ёритиш жиҳозлари билан таъминлангани мингбулоқликлар қалбига, онг -шуурига ҳам ёруғликлар бағишлагани халқимиз бунёдкорлик қудратининг ёрқин мисолларидир.

“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири Қосимжон Акбаровнинг мингбулоқликлар шукуҳи ва сурури ҳақидаги фикрларида заррача муболаға йўқ:

– Мингбулоқда истиқболли изланишларга монанд пахтачилигу, ғаллачилик, полизчилигу, шоличилик, балиқчилигу паррандачилик бирдек ривожланмоқда. Номлари вилоят ва республика раҳбариятининг “Зафарнома”ю “Табрикнома”ларида тилга олинадиган миришкорларимиз борлигидан албатта фахрланамиз...

Байрамолди маънавий-маърифий мулоқотида сўзга чиққан Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Эргашали Абдуллаев, Адлия бошқармаси туман бўлими бош маслаҳатчиси Нодирбек Раҳимов, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакили Дилшодбек Омоновларнинг халқимиз ижтимоий сиёсий ҳаётига бир қатор қулайликлар бағишлаган қонунчилик ислоҳотлари ва уларнинг ҳуқуқий асослари халқаро миқёсда эътироф этилаётгани хусусидаги фикрлари ҳам ярашиқли эди. Самимий мулоқот ижодкорларнинг мушоирасига уланди.

 

Носир АББОС,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш