Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида етарли шароитлар яратилмоқда. Бу борада давлат раҳбарининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Амалдаги қонунчилик билан юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлик операциялари, жумладан норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмаслиги каби имтиёзлар белгилаб қўйилган.
Шунинг билан бирга, қонунчиликда крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия фақат чет эл юридик шахсларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шўъба ёки бошқа корхоналарни очиш орқали берилиши қатъий кўрсатиб ўтилган. Бу борадаги бошқа ҳар қандай фаолият қонунга зид ҳисобланади.
Бироқ, мазкур соҳада қонунларни четлаб ўтиш, яширин фаолият кўрсатиш каби ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан яқинда Сирдарё вилоятида ноқонуний майнинг ферма фаолияти фош этилганини мисол сифатида келтириш мумкин. Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган хорижий корхона Боёвут туманидаги МЧЖлардан бирининг биносини ижарага олиб, у ерда 1491 жуфт майнинг қурилмалари ҳамда 9280 дона видеокартадан фойдаланган ҳолда майнинг ферма ташкил этган. Ферма ноқонуний фаолияти давомида 2020 йилнинг август ойидан буён 7,7 млн АҚШ долларига тенг криптовалюта ишлаб чиқарилган.
Ачинарлиси, МЧЖ ва хорижий корхона раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, электр тармоғига уланиш учун туман электр тармоқлари корхонаси билан тузилган шартномада фаолият турига қуёнчилик фермаси ташкил этиш мазмунида сохта маълумотлар киритган. Фойдаланилган катта ҳажмдаги электр энергияси учун паст нархда тўловни амалга оширишлари оқибатида улар томонидан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Хабарингиз бор, мамлакатимизда аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларини барқарор электр қуввати билан таъминлаш учун жуда катта ишлар амалга оширилмоқда, катта маблағ сарфланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган ҳар бир киловатт электр қувватининг ортида катта меҳнат, маблағ турибди. Майнинг фермалар фаолияти учун катта миқдорда электр токи сарфланади. Юқоридаги каби майнингчиларнинг солиқдан қочишга уринишлари етмагандек, электр қувватини ўғирлаш билан шуғулланиб келгани афсусланарлидир ва мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши, етазилган зарар қонунбузарлардан ундириб олиниши шубҳасиз.
Бузоқнинг қочгани сомонхонагача, дейишади. Ҳар қандай фаолият қонуний бўлиши лозим. Бу қоидага амал қилмаганлар эса қилмишларидан пушаймон бўлиши турган гап.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати