Учрашув ва мулоқотлар аҳоли манфаатларига хизмат қилади

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес депутатлари сайлов округларида бўлиб сайловчилар билан учрашди. Учрашувларда аҳолининг кенг қатламлари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда давлатимиз раҳбарининг шу йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида белгиланган вазифаларнинг аҳамияти хусусида тарғибот ишлари олиб борилди.

Эътиборлиси, мулоқотлар жараёнида сайловчилар дастур ижроси аллақачон уларнинг ҳаётида акс этаётганини алоҳида таъкидлашди. Масалан, дастурда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи — тўртинчи синф ўқувчиларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш йўлга қўйилиши назарда тутилган эди. Бу ишнинг ташкил этилганидан айниқса ота-оналар мамнун. Шунингдек, аҳолининг кенг қатламлари кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор инсонлар, пенсионерлар, пенсия ёшига етган ишлайдиган аёллар ижтимоий ҳимоя, ижтимоий нафақа, пенсия тайинлаш ва таъминотидаги ўзгаришларни барча бирдек қўллаб-қувватламоқда.

Бундан ташқари, Президентимизнинг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонибилан яратилган имкониятларлардан хотин-қизларимиз бениҳоя хурсанд. Жумладан, қизларнинг таълим олиши борасида берилаётган имтиёзлар Тўрткўл шаҳридаги 1 сонли ва 45 сонли умумтаълим мактабларидаги юқори синф ўқувчилари билан бўлган учрашувларимизда алоҳида эътироф этилди. 2022 -2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш Дастури ишлаб чиқилиши, унга кўра янги ўқув йилидан бошлаб илк маротаба қизларга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратиш, магистратурада ўқийдиган қизларнинг контракт пули тўлиқ бюджетдан қопланиши, эҳтиёжманд оила вакиллари бўлган, отаси ёки онасини йўқотган қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши, олима аёлларни кўпайтириш учун докторантура йўналишида квоталарнинг оширилиши каби масалалар ҳақида сўз юритилганида битирувчи қизларнинг кўзида умид учқунлари порлаб турарди.

Учрашувларимиз давомида маҳаллаларда янги институт сифатида жорий қилинган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари фаолияти ўз самарасини бера бошлаганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш,уюшмаган ёшларнинг ўз олдига мақсад қўйиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишларида кўмаклашиш каби бир қатор йўналишлардаги ишларда уларнинг ҳиссаси борлиги сезилиб турибди. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг турмушдан розилигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар кўлами қанчалик кенг бўлса, самараси ҳам шунчалик беқиёс.

Шунинг билан бирга сайловчилар билан бўлган мулоқотларда уларни қийнаётган муаммолар ҳам борлиги ҳам кўтарилди. Масалан, Тўрткўл туманидаги “Истиқлол” маҳалласида яшовчи аҳоли электр қуввати, йўллар носозлиги масалалари мурожаат қилдилар. Бундан ташқари, маҳалла биноси йўқлиги маълум бўлди. Мазкур муаммолар депутат назоратига олиниб, уларни ҳал қилиш учун тегишли чоралар белгилаб олинди. Фуқароларнинг шахсий муаммолари ҳам эътиборимиздан четда қолмади.

Юртимизда ислоҳотлар инсон учун, инсон қадрини улуғлаш учун амалга оширилмоқда. Ўтган беш йил давомида бу борада жуда кенг кўламдаги ишлар амалда оширилди ва жадаллик билан давом эттирилмоқда. Халқимизни ўйлантираётган муаммолар ҳам ҳали оз эмаслигини яхши тушунамиз. Ҳокимият, мутасадди идоралар раҳбарлари, халқ вакиллари бир ёқадан бош чиқариб, садоқат билан меҳнат қилсак, барча муаммолар ҳал этилиши, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон бўлиши шубҳасиз.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш