Чек талаб қилган харидор ҳақми?

 

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда тадбиркор (сотувчи) томонидан харидор (истеъмолчи)га виртуал касса фискал белгили штрих кодли (QR-код) чек бермаслик оқибатида фуқаролар томонидан солиқ идораларига шикоятлар кўпаяётгани, бунга тадбиркор ва харидорлар ўртасида низолар келиб чиқаётгани сабаб бўлаётгани кенг муҳокама қилинмоқда.

Хўш, бу ўринда ким ҳақ, тадбиркорми ёки харидор?

Бу саволга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатларга кўра, савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассалар, яъни онлайн назорат касса машиналари тизимини жорий кўзда тутилган. Барча тадбиркорлик субъектларига мазкур тизимга ўтишнинг охирги муддати этиб 2022 йил 1 январь белгиланган эди.

Шунинг билан бирга, истисно тариқасида ҳар йили олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари рўйхати тасдиқлаш, ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига мазкур муддат татбиқ этилмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Юқорида баён этилган чора-тадбирлардан мақсад онлайн назорат касса машина ёки виртуал касса тизимига ўтиш орқали солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш нақд пулларни банкдан ташқари айланиши олдини олишдир. Бу билан нақд ва пластик карта пулларининг банк орқали қонуний айланиши юзага келади. Тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ хизматлари органлари ходимлари билан бевосита алоқалар камаяди.

 

Бу тадбиркорга нима беради?

Тадбиркорлар онлайн назорат касса машина ёки виртуал касса тизимидан фойдаланишга ўтганда, уларга кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар, нақд пулларни банк кассаларига инкассация хизмати орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек онлайн назорат касса машинани сотиб олиш ва жорий қилиш харажатларини солиқ ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдоригача камайтириш имкониятини беради.

Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси томонидан виртуал кассанинг базавий қисми бепул тақдим этилади.

 

Бунда харидор нимадан манфаатдор?

Президент фармонида харидорлар томонидан чеклардаги QR-код ёки фискал белгиларни мобиль илова ёки Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти орқали рўйхатга олиш тизимини жорий қилиш ва шу орқали ютуқли ўйинларни ташкил этиш белгиланган. Ўтган давр мобайнида ютуқли ўйинлар ташкил этилди ва бугун бу амалиёт бевосита фуқаронинг харид қилган товар пул маблағининг 1% миқдорида “кешбек” сифатида бюджетдан қопланган ҳолда ўзига қайтариб бериш имконияти йўлга қўйилди. Бу ўзига хос рағбатлантириш тизими бўлиб, амалда ижобий натижа берди.

Шунинг билан бирга, QR-код ёки фискал белгили чек бермаган тадбиркорлар устидан солиқ идораларига шикоятлар кўпайди. Хусусан, Давлат солиқ қўмитасининг расмий маълумотига кўра, солиқ мобил иловаси орқали жорий йил бошидан шу кунгача 7 минг нафардан ортиқ фуқаролардан шикоят келиб тушган бўлиб, улардан 5 мингга яқини тасдиғини топган.

Шу ўринда қайд этиш керак, харидорнинг шикояти тасдиқланса, тадбиркорга нисбатан Солиқ кодексининг 221-моддаси қўлланилиб, назорат-касса техникасининг ва ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиб, чек бермагани учун беш миллион сўм миқдорида жарима солиниши лозим. Бунда жариманинг 20 фоизи шикоятчига берилиши назарда тутилган. Тадбиркорлик субъекти белгиланган жаримани 10 иш кунида тўласа, жарима миқдори 2 баробарга камайтирилиб, икки ярим миллион сўм бўлади. Ўз навбатида шикоятчига бериладиган мукофот пули беш юз минг сўмни ташкил этади. Демак, бу ўринда харидор ўзига берилган имкониятдан фойдаланмоқда. Тадбиркорлар фаолиятини амалдаги қонунчилик талаблари асосида йўлга қўйса, жарима тўлаш каби ортиқча харажатга дуч келмайдилар.

Хулоса ўрнида айтганда, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар халқимизнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, турмуш сифатининг юксалишига хизмат қилади.

 

Фахриддин Элмуродов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш