Депутатимиз – фахримиз

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамажонованинг бизнинг қишлоғимиз – “Боймаҳалла” маҳалласига ташрифи аҳоли томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Депутатнинг энг чекка ҳудудлардаги мактаб ва мактабгача таълим муоссасаларини ўрганаётганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди ва бизнинг боғчага ҳам келармикан деган ўй билан депутатимизни боғчамизга таклиф этдик.

Депутатимиз жоним билан бораман, дея боғчамизга ташриф буюрди. Учрашув давомида Дилбархон Мамажонова давлатимиз раҳбарининг ёшлар тарбияси ва уларни соғлом ва баркамол ривожланиши ва юқори билим кўникмаларни эгаллашлари йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари, мактабгача таълим ташкилоти самарадорлигини ошириш, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган болажонларимизнинг пухта билим олишлари учун муносиб шароитларини яратиш борасида кўраётган чора-тадбирлари хусусида тўхталиб ўтди.

Бизнинг Фарғона туманидаги 30-давлат мактабгача таълим ташкилоти 1937 йилда қурилган бинода 1965 йилдан буён фаолият юритиб келар эди. Депутатимизнинг саъй-ҳаракати натижасида ўтган йили боғчамизда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 120 ўринга мўжалланган замонавий бино қад ростлади. Бундан маҳалла аҳли, ота-оналарнинг шодлиги чексиз. “Отасига раҳмат, депутатимизни. Болаларимиз ҳам шаҳарликлардан кам бўлмаган, замонавий боғчаларда яйраб-яшнаб таълим, тарбия олмоқда”, демоқда улар.

“Боймаҳалла” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси, хусусан, фахрийлар, ота-оналари ҳамда жамоамиз номидан депутат Дилбархон Мамажоновага самимий миннатдорлик билдирамиз. Сайловчилар ишончини оқлаган шундай халқ вакилимиз борлигидан фахрланамиз. Эл-юрт равнақи йўлидаги фаолиятингизда сизга муваффақиятлар тилаймиз.

 

Зиёдахон Каримова,

Фарғона туманидаги 30-мактабгача таълим муассасаси раҳбари.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш