Зарур чоралар кўрилиши шарт

 

Тижорат банклари ходимлари томонидан омонатга хиёнат қилганлик, талон-тарожликлар ва бошқа молиявий қонунбузарликлар содир этганлик ҳақидаги хабарларга кейинги пайтда тез-тез дуч келинмоқда. Хусусан, яқинда ижтимоий тармоқларда «Халқ банки»нинг Узун филиали сайёр кассири томонидан 278 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пуллари имзоларни сохталаштириш орқали ўзлаштирилгани, пулларнинг бир қисмини онлайн қимор ўйинига тикиб юборилгани тўғрисидаги жиноят иши тафсилотлари эълон қилинди.

Маълум бўлишича, филиалнинг 2-сон сайёр кассири А.А. жорий йилнинг февраль–март ойларида 278 нафар фуқарога нақд пул кўринишида чиқарилган 121,1 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини уларнинг номидан сохта имзолар қўйиш орқали ўзлаштирган. Сўнг ушбу пулларни интернет тармоғидаги онлайн казино ўйинларига ишлатиб талон-торож қилган.

Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётган мазкур ҳолат кишини ўйга толдиради. Наҳотки, банк ходими пенсиядан бошқа даромад манбаи бўлмаган инсонларнинг ҳаққига чанг солган бўлса? Бу ҳаракатни нима деб изоҳлаш мумкин?

Шу ўринда яна бир савол туғилади: тижорат банкларида, жумладан, “Халқ банки”да ходимларни ишга олиш, кадрларни танлаш масалаларига қанчалик масъулият билан ёндашилмоқда? Чунки, юқоридаги каби ҳолатлар банк ходимлари томонидан биринчи марта содир этилаётгани йўқ. Бу эса тегишли чоралар кўришни талаб этиши, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш борасидаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқишни тақазо қилиши табиий.

Шунинг билан бирга, давлат муассасалари ходимлари томонидан содир этилган молиявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш лозим. Негаки, юқоридаги каби ҳолатларнинг содир этилиши жамоатчиликда банк ходимларига нисбатан нотўғри тушунчалар шаклланишига, ишончнинг йўқолишига олиб келади. Бизнингча, “Халқ банки” Узун тумани ходими томонидан содир этилган қилмишдан жиддий хулоса чиқариш шарт.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш